2014 йилнинг 19—23 июнь кунлари Москва шаҳрида таэквондо бўйича паралимпиячилар ўртасида WTF жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилди. Бешинчи бор ўтказилган мазкур жаҳон чемпионатида 70 дан зиёд давлатдан 200 нафардан ортиқ таэквондо устаси ғолиблик учун курашди. Улар орасидан икки нафар ўзбекистонлик спортчи Санжар Мухторов ва Қудрат Бакаевлар ҳам ўрин эгаллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Оғирлик вазни -61 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Санжар Мухторов ярим финалга қадар кечган баҳсларни ғалаба билан якунлади ва жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди. Ушбу вазнда туркиялик Мехмет Сарач биринчи, мўғилистонлик Шинебаяр Батбаяр иккинчи, Санжар Мухторов (Ўзбекистон) ва Дамян Кубиак (Польша) учинчи ўринларни эгаллади.
Таъкидлаш жоиз, Санжар Мухторов Ўзбекистон паралимпиячилари орасида таэквондонинг WTF йўналиши бўйича жаҳон чемпионатида совриндор бўлган биринчи спортчи ҳисобланади.
Изоҳ (0)