Пойтахтда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси («Ергеодезкадастр») томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Анжуман ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер тузишни ва ерлар мониторингини ташкил қилиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, ошириш ва қайта тиклаш борасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланди, деб хабар беради ЎзА.
«Ергеодезкадастр» ва унинг ҳудудий бошқармаларида Ер кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш, ердан фойдаланиш ва бу борада йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда жорий йилнинг биринчи чорагида тўқсонга яқин хўжалик юритувчи субъектнинг қарийб 80 минг гектар ер майдони текширилди. Натижада 72 минг гектардан ортиқ майдонда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс»нинг тегишли моддаларига асосан жазо чоралари қўлланилди.
Мутахассисларнинг айтишича, айрим фуқаролар ўз кўчмас мулкига бўлган ҳуқуқини тўла таъминлаш, яъни давлат кадастр рўйхатидан ўтказиш мажбуриятига эътиборсиз қарамоқда. Мисол учун, қирқ беш тумандаги аҳоли томорқаларида йўқлама олиб борилганда, қарийб 106 минг хонадон томорқадан тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.
Изоҳ (0)