Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Олимпия кунига бағишлаб анъанавий республика югуриш мусобақаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Халқаро Олимпия қўмитаси шафелигида ҳар йили дунёнинг 200 дан зиёд мамлакатида ташкил этиладиган бундай мусобақа сиҳат-саломатлик ва спорт байрами — замонавий Олимпия ҳаракатига асос солинган кунга бағишлаб ўтказилади.
Анъанавий югуриш мусобақасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги саралаш мусобақаларидан муваффақиятли ўтган турли ёшдаги 800 нафардан зиёд спортчи ва ҳаваскор қатнашди.
– Бу каби турнирлар бизни янги-янги марралар сари илҳомлантиради, – дейди енгил атлетика бўйича кўп карра мамлакат чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Ёқутхон Холбекова. – Спорт нафақат мусобақаларда иштирок этиш учун, балки кундалик ҳаётда, жисмонан ва руҳан соғлом бўлиб юришда муҳим аҳамиятга эга.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларига сертификатлар топширилди.
Изоҳ (0)