Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни лэгаллаштиришга қарши курашиш (СВОЖЖДЛҚК) департаментининг Қарши шаҳар бўлимига фуқаро Д. Эгамова ариза билан мурожаат қилган. Унинг аризаси юзасидан ўтказилган текширувда Қарши шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли умумтаълим мактабида директор лавозимида ишлаётган Қурбоной Сафарова тамагирлик қилаётгани аниқланган, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқ» газетаси.
Қ. Сафарова мактабнинг мусиқа фани ўқитувчиси Д. Эгамовадан 2012 йил август ойида 20 соат дарс қўшиб бериш эвазига 300 минг сўм пул сўраб, аввал 200 минг сўмини олади. Сентябрь ойида эса Д. Эгамова Қарши маданият коллежига ишга ўтганида, унинг меҳнат дафтарчасини коллежга ўтказиш эвазига 50 минг сўм пул талаб қилиб, ноябрь ойида 35 минг сўмлик ёғ ва мактабда ўтказиладиган шанбалик ишларига қатнашмаганлиги учун 100 минг сўм пул сўрайди. 2013 йил апрель ойида эса 30 минг сўм миқдорида пул ҳамда 40 минг сўмлик чинни идиш тўпламини пора тариқасида олади.
Қ. Сафаровадан 30 минг сўм пул ҳамда 40 минг сўмлик чинни идиш тўплами ашёвий далил сифатида олинди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг тегишли қарори билан тамагир директор жазога тортилди.
Изоҳ (0)