Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Баркамол авлод—2014» спорт ўйинлари иштирокчиларига табрик йўллади. Табрик матни ЎзА томонидан эълон қилинди.
«Қадрли фарзандларим! Авваламбор, сиз, азиз болаларимни, сизларни қутлаб турган муҳтарам устоз-мураббийлар, ота-оналар, ёру дўстларингизни Ўзбекистон ҳаётидаги улкан воқеа – ёшлик, камолот ва спорт байрами – «Баркамол авлод» ўйинларининг тантанали очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман, барча-барчангизга соғлик-саломатлик, бахт-саодат, янги-янги омадлар тилашдан бахтиёрман», — деб бошлаган давлат раҳбари табрик сўзини.
Президент мусобақа иштирокчиларига мурожаат этар экан, бугунги кунда вояга етаётган ёшларнинг барчаси ўз ҳаёти, ўз келажагини спорциз тасаввур эта олмаслигини таъкидлаган.
«Агар 2011 йилда бўлиб ўтган «Баркамол авлод» мусобақаларининг саралаш босқичида 700 мингдан ортиқ ўқувчи иштирок этган бўлса, 2014 йилда бу рақам 810 минг нафарни ташкил этаётгани ҳам, мазкур беллашувларнинг қамрови кенгайиб, кураш майдонларидаги баҳслар нақадар қизғин ва муросасиз кечганидан далолат беради» — дея эътироф этган Ислом Каримов.
Сўзини якунлар экан давлат раҳбари, ёшларга қарата шундай деган:
«Менинг тилагим, даъватим шуки, Ватанимизнинг, олижаноб халқимизнинг меҳри ва ишончига доимо муносиб бўлинг, маррани ҳамиша баланд олиб, билимга, изланиш ва ўрганишга интилиб яшанг, ҳеч қачон бўш келманг, азиз болаларим! Сизларни бугунги спорт байрами билан яна бир бор табриклаб, барчангизга келгуси ҳаётингизда янги-янги муваффақиятлар тилайман».
Изоҳ (0)