Тошкент шаҳридаги Samsung Electronics фирма дўконида Жанубий Корея компаниясининг Galaxy S5 флагман смартфони сотуви йўлга қўйилди. Бу ҳақда Mobinfo.uz хабар берди.
Mobinfo.uz’нинг таъкидлашича, фирма дўконидаги смартфон нархи худди кутилганидек бозордаги гаджет нархидан юқори. Фирма дўконида Galaxy S5 смартфонини (16 Гб хотирага эга) 2 миллион 550 минг сўмдан харид қилиш мумкин.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонда 12 апрель куни Galaxy S5’нинг тақдимоти бўлиб ўтгандан сўнг смартфон расман сотувга қўйилди. Бироқ гаджетнинг илк нусхалари 11 апрель куниёқ Пойтахтнинг «Флешка» савдо мажмуасида тахминан 2,4 миллион сўмга сотила бошланган.
Орадан бир ҳафта ўтиб, Galaxy S5 нархи 2,1 миллион сўмгача тушиб кетган эди.
Mobinfo.uz’нинг қайд этишича, айни вақтда смартфонни «Флешка» савдо мажмуасидан 2 миллион сўмга харид қилиш мумкин.
Таққослаш учун: Samsung Galaxy S4 смартфони нархи еса ҳозирги вақтда тахминан 1,3 миллион сўмни ташкил этади.