Душанба куни Эстонияда НАТО бўйича иттифоқдошлар иштирокида 1991 йилдан кейинги энг йирик «Баҳор бўрони» ҳарбий машғулотлари ўтказилади. Бу ҳақда Interfax хабар берди.
Эстония Мудофаа кучлари бош қароргоҳидагиларнинг нашрга маълум қилишича, машқларда 6 мингга яқин ҳарбий хизматчилар, шу жумладан АҚШ ҳаво-десант бригадаси, Буюк Британиянинг 90 нафар пиёдалари, шунингдек, Франция, Нидерландия, Бельгия, Польша, Литва ва Латвия бўлинмалари қатнашади. Бундан ташқари, Таллин яқинидаги Эмари авиабазасида жойлашган, 1 майдан Болтиқ мамлакатлари ҳаво ҳудудини қўриқлашни бошлаган Дания ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари ҳам машғулотларга жалб этилади.
Польша ўзининг учта Su-22 ҳужумчи самолётлари ҳамда SA-8 ракета мажмуасига эга ҳаво ҳужумига қарши мудофаа бўлинмасини юборади. Машғулотларда илк маротаба Франциянинг киберҳимоя жамоаси қатнашади.
Ҳарбий машқлар Россия чегарасига яқин бўлган жанубий ва жануби-шарқий ҳудудларни қамраб олади.
Изоҳ (0)