АҚШ президенти Барак Обамага йўналтирилган меморандумни «Соғлом фикр разведкаси фахрийлари» (VIPS) ҳаракати таркибига кирувчи Америка разведкасининг тўққиз нафар собиқ ходимлари имзолади. Улар унда Обамадан Украинадаги тангликни юмшатиш учун шошилинч чоралар кўришни сўради. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Фахрийлар Обамани НАТОнинг Грузия ва Украинани ўз таркибига киритмаслиги ҳақида расмий баёнот бериб, Украинага бетарафликка риоя қилиш бўйича мажбуриятларни ўз бўйнига олишни таклиф қилишга даъват этди. Шунингдек VIPS Обаманинг Путин билан юзма-юз кўришиб, ўзаро ишончни қайта тиклаш ҳамда тангликка барҳам бериш йўлларини муҳокама қилишини зарур деб топди.
Шу билан бирга, VIPS Россия билан алоқаларни узиш АҚШ зарарига бўлишини, чунки ҳозирги вазиятда фақар Россиягина Хитой ва унинг Сенкаку-Дяоюйдао ороллари бўйича Япония билан тортишувларини ҳал қилиш ниятига таъсир ўтказа олишини таъкидлади.