Daryo

Яқин Шарқдаги урушнинг 7-куни: АҚШ Эрон кемаларини чўктирди, Исроил Хоманаий бункерини вайрон қилди

Озарбайжон ва Эрон Нахчивонга дрон ҳужуми бўйича бир-бирини айбламоқда, Украина эса АҚШ ҳамда иттифоқчиларига дронларга қарши кураш тажрибаси билан ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

5 дақиқа ўқиш5 963 кўришлар0 изоҳ1

Яқин Шарқдаги можаро фонида ҳарбий операциялар тобора кенгайиб бормоқда. АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудидаги ҳарбий объектлар ҳамда инфратузилмаларга зарбаларни кучайтираётган бир пайтда, минтақада дипломатик кескинлик ҳам ортмоқда.

АҚШ Эроннинг 30 дан ортиқ кемасини йўқ қилди

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари ўтган ҳафта давомида Эрон Ислом Республикаси флотига қарши олиб борилган кампания доирасида 30 дан ортиқ кемани йўқ қилганини маълум қилди. Euronews хабарига кўра, улар орасида дрон ташувчи йирик кема ҳам бор.

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари адмирал Бред Купернинг айтишича, зарбага учраган IRIS Shahid Bagheri кемаси дронлар учун 180 метрлик учиш-қўниш йўлагига эга бўлган. У қайта жиҳозланган контейнер ташувчи кема бўлиб, узоқ масофага ёнилғи қуйилмасдан ҳаракатлана оладиган катта ҳарбий платформа сифатида фойдаланилган.

Фото: AP Photo

Адмиралнинг билдиришича, АҚШ ҳарбийлари шу билан бирга Эрон ҳудудидаги баллистик ракета учириш қурилмаларига ҳам зарба берган. B-2 stealth бомбардимончилари Эрон ичкарисида яширилган ракета иншоотларига ўнлаб 900 килограммлик бомбаларни ташлаган.

Исроил Хоманаийга тегишли бункер вайрон қилинганини билдирди

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 6 март куни эрталаб Эроннинг собиқ олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийга тегишли махфий ерости бункери йўқ қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда Исроил мудофаа армияси (SAHAL) расмий баёнот берди.

Маълумотларга кўра, операцияда қарийб 50 та қирувчи самолёт қатнашган ва нишонга 100 га яқин бомба ташланган. Мазкур бункер Теҳрондаги раҳбарият мажмуаси остида жойлашган бўлиб, бир неча кўча бўйлаб кенг ҳудудни қамраб олган.

Ҳарбийларнинг айтишича, бу объект урушни бошқариш учун мўлжалланган фавқулодда хавфсиз марказ бўлган. Бункер ҳукумат аъзолари ва ҳарбий раҳбарият йиғилишлари учун мўлжалланган бир нечта кириш нуқталари ҳамда махсус хоналардан иборат эди.

АҚШ Эрондаги мактабга зарба бўйича текширув ўтказмоқда

Reuters хабарига кўра, АҚШ ҳарбий терговчилари Эрондаги қизлар мактабига берилган зарба ортида АҚШ кучлари турган бўлиши эҳтимолини текширмоқда. Ҳозирча ҳодиса юзасидан якуний хулоса чиқарилмаган.

28 февраль куни Минаб шаҳридаги қизлар мактабига авиазарба берилган. Ҳужум оқибатида 165 нафар ўқувчи қиз ҳалок бўлгани маълум қилинган. Ушбу воқеа АҚШ ва Исроилнинг Эрон ҳудудига қарши ҳарбий зарбалари бошланган илк кунларда содир бўлган.

Фото: IRNA

АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ҳарбийлар ушбу ҳодиса юзасидан текширув олиб бораётганини тасдиқлади. Шу билан бирга, расмийлар янги далиллар АҚШнинг бу ҳодисага алоқаси йўқлигини ҳам кўрсатиши мумкинлигини инкор этмади.

Россия: “Бу бизнинг урушимиз эмас”

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москвага Эрондан қурол-яроғ ёки бошқа ҳарбий ёрдам бўйича ҳеч қандай сўров келмаганини маълум қилди.

Журналистларнинг Россия Теҳронга сиёсий қўллаб-қувватлашдан ташқари амалий ёрдам кўрсатиши мумкинми деган саволига Песков бу борада ҳеч қандай режа йўқлигини айтди. “Бу бизнинг урушимиз эмас. Биз ўз манфаатларимизга мос келадиган ишларни қилишимиз керак”, деди у.

Песковнинг таъкидлашича, Россия Яқин Шарқдаги урушни тўхтата олмайди. Унинг сўзларига кўра, можарони бошлаган томон уни тўхтатиши мумкин.

БАА Эрон активларини музлатишни кўриб чиқмоқда

The Wall Street Journal маълумотларига кўра, Бирлашган Араб Амирликлари ўз ҳудудида Эронга тегишли миллиардлаб долларлик активларни музлатиш масаласини кўриб чиқмоқда. Агар бундай қарор қабул қилинса, Теҳрон муҳим иқтисодий манбалардан биридан маҳрум бўлиши мумкин.

БАА узоқ йиллардан бери Эрон учун ташқи савдо ва чет эл валютасига чиқиш имконини берувчи муҳим молиявий марказ ҳисобланади. Теҳрон Ғарб санкцияларини айланиб ўтиш ва нефть савдосидан тушган даромадларни ўтказиш учун кўпинча айнан шу тизимдан фойдаланган.

Фото: Bloomberg

Манбаларга кўра, БАА расмийлари Эрон билан боғлиқ ноқонуний молиявий фаолиятга қарши қатор чораларни кўриб чиқмоқда. Улар сохта компаниялар ҳисобларини музлатиш ҳамда банк тизимидан ташқаридаги пул ўтказмаларини назорат қилишни кучайтиришни режалаштирган.

Озарбайжон ва Эрон ўртасида дрон ҳужуми бўйича тортишув

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Нахчивон автоном республикасига дронлар ҳужумида Эронни айблади ва бу воқеани “террорчилик акти” деб атади.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса бу айбловларни рад этиб, ҳужум ортида Исроил бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, бу ҳаракат Эроннинг қўшни давлатлар билан муносабатларини бузишга қаратилган провокация бўлиши мумкин.

Фото: АPА Group

Нахчивон ҳудуди 2025 йилда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида имзоланган тинчлик келишувининг муҳим қисми ҳисобланади. Ушбу келишув доирасида Озарбайжонни Нахчивон билан боғлайдиган транспорт йўлаги қурилиши режалаштирилган.

Украина Эрон дронларига қарши кураш тажрибасини таклиф қилди

Украина президенти Владимир Зеленский Киев Эроннинг Shahed дронларига қарши кураш бўйича АҚШ ва унинг иттифоқчиларига ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

France 24 хабарига кўра, АҚШ ва Яқин Шарқдаги айрим давлатлар Эрон дронларига қарши қандай курашиш мумкинлиги борасида Украина тажрибасига таянмоқда. Зеленский сўнгги кунларда бир қатор давлатлар Киевдан бу борада маслаҳат сўраганини айтди.

Фото: Reuters

Президентнинг таъкидлашича, у сўнгги кунларда БАА, Қатар, Баҳрайн, Иордания ва Кувайт раҳбарлари билан потенциал ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Индонезия Фаластин масаласида Тинчлик кенгашидан чиқиши мумкин

Reuters хабарига кўра, Индонезия АҚШ президенти Дональд Трамп ташаббуси билан тузилган Тинчлик кенгашидан чиқиб кетиши мумкин.

Индонезия президенти Прабово Субианто 5 март куни мусулмон гуруҳлар раҳбарлари билан учрашув ўтказган. Учрашув давомида мамлакатнинг ушбу кенгашдаги иштироки юзасидан баҳслар муҳокама қилинган.

Фото: Reuters

Субианто агар кенгаш Фаластин учун фойдали бўлмаса ёки Индонезия миллий манфаатларига мос келмаса, мамлакат ундан чиқиб кетишини айтган.

Трамп Эрон раҳбарини танлаш масаласига аралашмоқчи

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронда янги олий раҳнамо танлаш жараёнига аралашиш ниятини билдирди. У Axios нашрига берган интервьюсида бу борадаги позициясини очиқ айтган.

Фото: Оқ уй матбуот хизмати

Трамп Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли Можтаба Хоманаий номзодини Вашингтон учун “қабул қилиб бўлмайдиган” деб атади. Унинг сўзларига кўра, аввалги сиёсатни давом эттирадиган ҳар қандай ворис АҚШ учун номақбул ҳисобланади.

АҚШ президенти агар Вашингтон учун мақбул номзод тайинланмаса, келажакда яна янги ҳарбий можаро юзага келиши мумкинлигини ҳам айтди.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар