Daryo

Яқин Шарқдаги можаролар Ўзбекистон молиявий барқарорлигига хавф солишда давом этмоқда — Марказий банк

Регулятор уруш сабаб дунёда энергия нархлари ошиб, ташқи савдо мураккаблашишидан хавотир билдирди. Кутилмалар амалга кўчса, глобал инфляция тезлашиши ва фоиз ставкалар кўтарилиши мумкин. Сўм курсига босим юзага келиш эҳтимоли ҳам бор.

3 дақиқа ўқиш11 016 кўришлар0 изоҳ0

Яқин Шарқдаги урушнинг Ўзбекистон молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиш хавфи сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди. 

Регулятор дунёда энергия нархлари ортиши, глобал молиявий шароитлар қатъийлашиши ва ташқи савдо мураккаблашуви мамлакат иқтисодиётига босим бериши мумкинлигини қайд этди.

“Энергия қимматлашиши ортидан глобал инфляция тезлашиб, юқори фоиз ставка муҳити пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Глобал молиявий шароитлар қатъийлашиши дунёнинг етакчи марказий банклари томонидан асосий фоиз ставкаларнинг оширилиши ва суверен халқаро облигацияларга талабнинг пасайиши орқали Ўзбекистоннинг ташқи молиялаштириш харажатларини оширади”, дейилади Марказий банк таҳлилида.

Регуляторга кўра, ташқи савдо билан боғлиқ ўзгаришлар сабаб импорт маҳсулотлари нархи ўсиши ва экспорт товарлари рақобатбардошлиги пасайиш эҳтимоли мавжуд. Шунинг ҳисобига Ўзбекистон савдо баланси манфий салдоси кенгайиши мумкин. 

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

2026 йил бошида глобал энергия нархларининг сезиларли даражада ўсиши кузатилган. Март ойининг ўзида Яқин Шарқдаги беқарорлик сабаб дунёда нефть нархи февралдагига нисбатан 41 фоизга, табиий газ эса 24 фоизга қимматлашган. Халқаро валюта жамғармаси жорий йилда глобал миқёсда нефть нархи 22 фоизга, табиий газ нархи 17 фоизга ошишини прогноз қилган.

“Глобал энергия нархларининг кескин ўсиши транспорт ва ишлаб чиқариш харажатларини оширади. Бу эса глобал инфляция босимини кучайтиради”, дея қайд этган Маркази банк.

Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинликлар таъсирида Халқаро валюта жамғармаси глобал инфляция прогнозларини оширган. Жумладан, 2025 йил октябрь ойидаги прогнозларда 2026 йилдаги ўртача глобал инфляция даражаси 3,7 фоизни ташкил этиши белгиланганди. 2026 йил апрель ойида эса кутилмалар қайта кўриб чиқилиб, дунёдаги инфляция даражаси 4,4 фоизгача тезлашиши прогноз қилинган.

“Инфляцион кутилмаларнинг юқори баҳоланиши халқаро молия бозорларида фоиз ставкаларнинг ортишида ўз ифодасини топмоқда. Глобал инфляцион босим юқори фоиз ставка муҳитини юзага келтириши мумкин. Жумладан, глобал миқёсда асосий ставкалар бўйича кутилмалар йўналиши юқорига кўтарилди. Хусусан, баъзи мамлакатларда асосий ставкалар кутилмаси пасайишдан ортиш динамикасига ўзгарди. Бу эса нархлар ўсишини мўътадиллаштириш учун марказий банклар томонидан сиёсатнинг қатъийлаштирилиши инвесторлар кутилмаларида акс этмоқда. Европа Марказий банки томонидан евро ҳудуд учун асосий фоиз ставка 2026 йилда 2 фоиздан 2,5 фоизгача оширилиши кутилмоқда”, дея маълум қилди регулятор.

Марказий банк Ўзбекистон ташқи савдосида Яқин шарқ минтақасининг аҳамияти ортиб бораётганига урғу берган. Жумладан, 2025 йилда республиканинг Яқин Шарқ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 2024 йилга нисбатан 52 фоизга ошган ва 2,2 миллиард долларни ташкил этган.

Ўзбекистоннинг Форс кўрфази мамлакатлари, шунингдек, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан ташқи савдо муносабатлари Эрон орқали ўтувчи халқаро транспорт коридорига таянади. Хусусан, мамлакатнинг Эрон орқали ўтувчи транспорт коридоридан фойдаланган ҳолда мамлакатлар билан амалга ошириладиган ташқи савдо айланмаси 2025 йилда 3,8 миллиард долларни ташкил этган. Бу Ўзбекистон жами ташқи савдо айланмасининг 5 фоизига тўғри келган. Шу боис, Яқин Шарқ минтақасидаги геосиёсий кескинликлар Ўзбекистоннинг ташқи савдо баланси манфий салдосини кенгайишга сабаб бўлиши мумкин.

Минтақадаги геосиёсий вазият оқибатида халқаро савдо транзит йўлларида чекловларнинг вужудга келиши, суғурта ва логистика харажатларининг ошиши ҳамда етказиб бериш муддатларининг узайиши ташқи савдо самарадорлигини пасайтириш эҳтимоли бор. Бундай шароитда импорт маҳсулотлари қимматлашиб, экспорт рақобатбардошлиги пасаяди. Натижада мамлакатда ташқи савдо манфий салдосининг кенгайиши кутилади. Бу ўз навбатида республикада хорижий валюта таклифини қисқартириб, миллий валюта курсига босимни юзага келтириши мумкин.

Янқин Шарқдаги уруш ҳақида

2026 йил 28 февраль куни АҚШ ва Исроил ҳарбий ракеталар билан Эронга ҳужум қилди. Теҳрон ва бошқа қатор шаҳарларда портлашлар кузатилди. Кейин Эрон жавоб зарбаси сифатида дастлаб Исроилга, кейин Америка ҳарбий базалари жойлашган Қатар, БАА, Баҳрайн, Иорданияга ракета зарбалари беришни бошлаган. Ўшанда Эрон ҳужумлардан кўпроқ талафот кўргани билдирилган. Мамлакатнинг қатор юқори мартабали амалдорлари АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган. Хусусан, Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий, мудофаа вазири Азиз Насирзода, генерал-лейтенант Абдулраҳим Мусавий, мудофаа кенгаши котиби адмирал Али Шамхоний, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-лейтенант Муҳаммад Пакпур ва бошқалар ракета зарбаларидан қурбон бўлганди.

Уч давлат ўртасидаги можаро келишув сабаб бир муддат тўхтатилди, ҳозирда эса яна ҳаво ҳужумлари авж ола бошлаган.

Farg‘onadanman. Oʻzbekiston Milliy universitetini tamomlaganman. “Daryo”da 2022-yildan beri muxbirman. Iqtisodiy-siyosiy voqealarni yoritib boraman. Yoqtirgan kinolarimdan biri — “Shoushenkdan qochish”. Oxirgi o‘qilgan kitoblardan iqtisodchi olimlar Daron Ajemo‘g‘li va Jeyms Robinson hammuallifligidagi “Mamlakatlar tanazzuli sabablari…” kitobi yoqdi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар