Daryo

АҚШ ва Исроил Эронга қарши бошлаган уруш: ким қанча қурбон берди?

Бутун минтақани қамраб олган можаро минглаб инсонларнинг ёстиғи қуришига сабаб бўлди. Уларнинг аксарияти тўғридан тўғри ракета зарбалари сабаб оламдан ўтди. Яна ўнлаб инсонлар эса тутиб олинган ракета ва дронлар қулаши оқибатида қурбон бўлди. Мақолада Яқин Шарқнинг қайси давлатида қанча инсон қурбон бўлгани ҳақида сўз боради.

6 дақиқа ўқиш15 432 кўришлар0 изоҳ4

Қўшма Штатлар ва Исроилнинг Эронга ҳужуми 28 февраль куни бошланди. Оқ уй бу режим алмаштириш билан тугайдиган қисқа муддатли ҳарбий кампания бўлишини кутганди. Бироқ яна бир ҳафтадан сўнг можаро бошланганига ой тўлади. Бу ҳам етмагандек, уруш бутун минтақани остин-устун қилиб юборди. Қуйида ҳарбий ҳаракатлар натижасида қайси давлатлар қанча қурбон берганини ҳисоблаб чиқилади.

Эрон – ҳалок бўлганлар: 1444, жароҳатланганлар: 18551

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, можаро бошланганидан буён Қўшма Штатлар ва Исроилнинг ҳаво ҳужумлари сабаб 1444 киши ҳалок бўлган. Яна 18551 киши эса турли даражада жароҳатланган. Қурбонларнинг асосий қисми пойтахт Теҳронга тўғри келади.

Уруш сабаб ҳалок бўлганлар орасида болалар ҳам оз эмас. Жумладан, 28 февраль куни Қўшма Штатлар томонидан учирилган Tomahawk қанотли ракетаси Минаб шаҳридаги мактабга келиб тушиб, 168 нафар ўқувчининг умрига зомин бўлганди. Кейинроқ BBC Верифй хизмати экспертлари воқеа жойидан олинган видеоларни таҳлил қилиб, ҳужумда АҚШ ҳарбийларининг қўли борлигини тасдиқлаганди.

Бундан ташқари, АҚШ ва Исроил ҳужумлари натижасида мамлакат бошқарув элитасининг юқори мартабали мулозимлари ҳам қурбон бўлган. Эрон ислом республикасининг иккинчи диний раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳамда Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний кабилар шулар жумласидан.

Исроил – ҳалок бўлганлар: 18, жароҳатланганлар: 3730

Эрон Исроилга жавоб зарбасини ҳужумга учраганидан атиги икки соат ўтиб берди. Ўшандан буён Тель Авив ҳамда бошқа йирик шаҳарларга юзлаб ракета ва камикадзе дронлар учирилди. Уларнинг катта қисми ҳаво мудофаа тизимлари томонидан тутиб қолинган бўлса-да, бир қисми нишонга етиб бориб қурбонларга сабаб бўлди. Ракета ва дрон зарбалари сабаб Исроилда камида 18 киши ҳалок бўлди. Шу билан бирга, 3700 ортиқ киши жароҳатланган.

Ҳаво мудофаа комплекслари, эрта огоҳлантириш тизимлари ҳамда бомбапанагоҳлар талафотларнинг нисбатан камроқ бўлишида муҳим рол ўйнаяпти. Бироқ бундай бошпаналарга киритилмаганини айтган хорижликлар ҳамда Ғарбий Соҳил аҳолиси билан вазият мураккаброқ. Ракета қолдиқлари қулаши натижасида ҳалок бўлган тўрт нафар фаластинлик аёл кўплаб ҳолатлардан биридир.

Шу билан бирга, 1 март куни Эрон томонидан Исроил марказидаги Беит Шемеш шаҳрига берилган ракета зарбаси натижасида тўққиз киши ҳалок бўлди. Шунингдек, 20 яна 20 нафар исроиллик жароҳатланди. Бошқа бир ҳолатда эса келиб чиқиши ўзбекистонлик эркак ҳалок бўлди. Кейинроқ у 2017-йили Ўзбекистон ватандошлигидан чиққани маълум қилинди.

АҚШ аскарлари – ҳалок бўлганлар: 13, жароҳатланганлар: 200

Эрон томонидан берилган жавоб зарбалари ҳамда йўл қўйилган хатолар натижасида Пентагон камида 13 нафар ҳарбий хизматчисидан айрилди. Улардан дастлабки олтитаси Эрон дрони қўмондонлик марказига келиб тушиши оқибатида ҳалок бўлди. Воқеа 1 март куни Кувайтда юз берган бўлиб, қурбонларнинг энг каттаси 54 ёшда, кичиги эса 20 ёшда эди. Саудия Арабистонидаги базада хизмат қилган 26 ёшли сержант Бенжамин Н. Пеннингтон эса Қўшма Штатлар берган еттинчи қурбон бўлди.

Орадан 11 кун ўтиб АҚШ яна олти нафар ҳарбий хизматчини йўқотди. Улар Ироқ осмонидан қулаган КC-135 ёнилғи қуйиш танкерида бўлган. Бироқ самолёт бошқа бир танкер билан тўқнашиб, ўз ичидаги олти киши билан ҳалокатга учраган. Иккинчи самолёт эса Исроилга фавқулодда қўнишга муваффақ бўлган.

Баҳрайн – ҳалок бўлганлар: 2, жароҳатланганлар: ўнлаб

Можаро бошлангандан сўнг Баҳрайн ҳам минтақанинг АҚШ базаларига жой ажратган бошқа давлатлари қатори ҳужумга учради. Эрон, айниқса, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг 5-флот штаби жойлашган Жуффаир ҳудудини нишонга олган.

Баҳрайн Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, тутиб қолинган ракета парчаси 2 март куни Салман саноат шаҳрида таъмирланаётган кемага тушиб, бир нафар осиёлик муҳожирнинг ҳаётига нуқта қўйган. Бундан ташқари, 10 март куни пойтахт Манамадаги турар жой биносига зарба берилиши натижасида 29 ёшли аёл ҳалок бўлди, яна саккиз киши жароҳатланди.

Ироқ – ҳалок бўлганлар: 61, жароҳатланганлар: ўнлаб

Мамлакат ҳам АҚШ ҳарбий контингенти, ҳам Эрон қўлловидаги қуролли гуруҳлар фаолият юритадиган мамлакат сифатида можарода муҳим рол эгаллади. Эронликлар ҳамда уларга тарафдор бўлган қуролли тўдалар АҚШ элчихонаси ҳамда ҳарбий объектларни нишонга олган бўлса, америкаликлар мамлакат ҳудудидан жанговар миссиялар ва логистика мақсадларида фойдаланди.

Ироқ соғлиқни сақлаш идораларига кўра, можаро бошидан буён камида 61 киши ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти Эрон қўлловидаги Халқ сафарбарлик кучлари аъзоларидир. Бироқ қурбонлар орасида НАТО ҳарбий хизматчилари ҳам бор. Ироқ Курдистонининг Эрбил шаҳрига ҳужум натижасида француз армиясининг юқори мартабали ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди.

Кувайт – ҳалок бўлганлар: 6, жароҳатланганлар: ўнлаб

Жорий йилнинг 2 март куни Кувайт осмонида Қўшма Штатларнинг учта F-15 Strike Eaglе қирувчи самолётлари уриб туширилди. Кейинроқ уларга кувайтлик учувчи зарба бергани маълум бўлди. Расмий версияга кўра, у АҚШ самолётларини Shahed дронлари билан адаштирган. Уриб туширилган самолётлар бортида бўлган олти нафар учувчининг барчаси катапулта механизми сабаб тирик қолган.

Можаро сабаб Кувайтнинг ўз фуқаролари ҳам қурбон бўлган. Жумладан, 2 март куни мамлакат ҳарбий-денгиз кучларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. Бундан ташқари, икки нафар чегарачи ҳамда ўт ўчириш хизматининг яна икки ходими ҳам ўз вазифасини бажариш вақти вафот этган.

Уммон – ҳалок бўлганлар: 3, жароҳатланганлар: 15

Эрон ракета ва дронлари Уммон султонлигини ҳам нишонга олди. Жумладан, 1 март куни Дуқм портига иккита учувчисиз учиш қурилмаси билан зарба берилди. Уммон давлат ахборот агентлигига кўра, ҳужум оқибатида бир нафар хорижлик ишчи жароҳатланган. Кейинроқ Уммон Денгиз хавфсизлиги маркази Палау байроғи остида сузаётган нефть танкери ҳужумга учраганини маълум қилди. Бу эса яна тўрт кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган. Бошқа бир танкерга зарба эса бир нафар денгизчини ҳаётдан олиб кетган.

13 март куни Эрон ҳарбийлари Уммон султонлигининг Соҳар шаҳрига дронлар билан ҳужум қилди. Учувчисиз учиш қурилмаларидан бири Ал Авахи саноат зонасига тушган. Бу эса икки нафар муҳожирнинг ўлимига ва 10 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган.

Қатар – ҳалок бўлганлар: 0, жароҳатланганлар: 16

Қўшма Штатларнинг энг йирик хорижий базаси Доҳа шаҳри яқинида жойлашган. Бироқ Эрон нафақат мазкур объектни, балки Қатарнинг нефть-газ инфратузилмасини ҳам нишонга олди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, 16 киши жароҳатланган. Уларнинг аксарияти тутиб олинган ракета ва дронлар парчалари қулаши оқибатида юзага келган.

Эрон ракетаси қолдиғи Доҳа шаҳрида
Фото: АFPTV

Саудия Арабистони – ҳалок бўлганлар: 2, жароҳатланганлар: 16

Эрон томонидан учирилган ракета ёки дрон қиролликнинг Ал-Кҳарж ҳудудида снаряд турар жой ҳудудига тушиши натижасида икки киши ҳалок бўлди. Бундан ташқари, яна 16 киши жароҳатланди.

БАА – ҳалок бўлганлар: 8, жароҳатланганлар: 158

Бирлашган Араб Амирликлари можаронинг илк кунларидан ракета ва дрон ҳужумларига учради. Оқибатда саккиз киши қурбон бўлди. Уларнинг олти нафари Покистон, Непал ва Бангладеш каби давлатлардан келган меҳнат муҳожирлари эди. Бундан ташқари, яна 158 киши турли даражада жароҳатланган. Шу билан бирга, Эрон дронларини тутиб олиш учун ҳавога кўтарилган вертолёт техник носозлик сабаб ҳалокатга учраб, икки нафар ҳарбий хизматчининг ҳаётига зомин бўлди.

Иордания – ҳалок бўлганлар: 0, жароҳатланганлар: 28

Иорданияда Эрон зарбалари ҳамда тутиб олинган ракеталарнинг қолдиқлари сабаб 28 киши жароҳатланди. Мамлакатда ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.

Ливан – ҳалок бўлганлар: 1 001, жароҳатланганлар: 2584

Можаро бошлангандан сўнг энг қаттиқ талафот кўрган иккинчи давлат Ливан ҳисобланади. Исроил мамлакатга қарши кенг кўламли ҳаво ҳужумларини бошлаганидан буён ҳалок бўлган ливанликлар сони минг нафардан ошди. Улар орасида камида 118 нафар бола ҳам бор. Жароҳатланганлар сони эса қарийб 2600 нафарни ташкил этади.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар