Наманган, Самарқанд ва Навоийдаги тиббиёт муассасаларида фуқаролардан 200 млн сўмдан ортиқ асоссиз маблағ олингани аниқланиб, қайтарилиши белгиланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Қўмита томонидан аҳолига кўрсатилаётган пулли тиббий хизматлар нархларининг шакллантирилиши бўйича тегишли қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганда Наманган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан 2026 йилнинг феврал, март ва апрел ойларида УЗИ аппарати орқали кўрсатилган хизматлар бўйича жами 416 нафар истеъмолчидан навбатдаги қиёслов кўригидан ўтказилмаган ҳолда 34,3 млн сўм маблағ асоссиз олингани аниқланган.
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туман соғлиқни сақлаш бўлимида ўтказилган ўрганишлар давомида муассаса томонидан 2024–2025 йиллар давомида белгиланган тартибларга риоя этмаган ҳолда нархларни ошириб белгилаш натижасида беморларга кўрсатилган пулли тиббий хизматлар бўйича 55,7 млн сўмга яқин ортиқча маблағ олингани маълум бўлган.
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Навоий вилоят филиалида ўтказилган ўрганишлар давомида муассаса томонидан 2023–2025 йиллар давомида белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолда нархларни ошириб белгилаш натижасида беморларга кўрсатилган пулли тиббий хизматларда 35 млн сўмга яқин ортиқча маблағ олингани аниқланган.
Юқоридагиларга кўра, Наманган, Самарқанд ва Навоий вилояти ҳудудий бошқармалари Махсус комиссиялари томонидан қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан мазкур учта тиббиёт муассасаларига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.
Рақобат қўмитаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Харидлар марказининг бошланғич нархи 14 млрд бўлган тендер савдосида қонунбузилиш ҳолатининг олди олинганини ҳам маълум қилганди.








