Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд Эроннинг ҳужумларига жавоб қайтармаслик учун сабр чексиз эмаслигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Вазир Теҳронни дарҳол ўз стратегиясини “қайта кўриб чиқишга” чақирди. У ҳужумга учраётган Саудия Арабистони ва Форс кўрфази давлатлари “жуда муҳим салоҳият ва имкониятларга” эга эканини таъкидлади. Файсал бин Фархон Ол Сауд Эроннинг инкор этишига қарамай, минтақадаги ҳужумлар олдиндан пухта режалаштирилганини айтди.
“Нишонларнинг аниқлик даражасини қўшниларимизда ҳам, қиролликда ҳам кўришингиз мумкин. Бу олдиндан ўйланган, режалаштирилган ва пухта ўйланганидан далолат беради”, деди шаҳзода Файсал.
У Саудия қачон жавоб зарбаси бериши мумкинлиги ҳақида аниқ муддат айтишдан бош тортди.
“Бу борада сигнал бериш тўғри эмас. Кўрсатилаётган сабр-тоқат чексиз эмас. Уларда бир кун, икки кун, бир ҳафта вақтга эгами? Буни айтмоқчи эмасман. Умид қиламанки, улар бунинг маъносини тушунади, тезда қайта ҳисоб-китоб қилиб, қўшниларига ҳужум қилишни тўхтатади. Лекин улар бундай доноликка эгалигига шубҳам бор”, деди у.
Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири уруш бир кун тугаса-да, Теҳроннинг қўшниларни нишонга олиш тактикаси сабаб у билан муносабатларни тиклаш анча вақт олишини таъкидлади.
“Биз аниқ биламизки, Эрон бу стратегияни сўнгги ўн йил давомида шакллантирган. Бу вазиятга мослашиб қолган қарор эмас, балки олдиндан режалаштирилган ҳарбий ёндашув: қўшниларини нишонга олиш ва бундан фойдаланиб, халқаро ҳамжамиятга босим ўтказишга уриниш”, деди у.
Шунингдек, шаҳзода Файсал бин Фарҳон Ол Сауд агар Эрон ҳужумни тўхтатмаса алоқаларни тиклаш учун ҳеч нарса қолмаслигини таъкидлади.








