АҚШ президенти маъмурияти БААни Эронга қарашли ороллардан бирини эгаллаб олишга ундамоқда. Бу ҳақда Дональд Трамп хавфсизлик хизматининг собиқ юқори мартабали мулозимига таяниб The Telegraph хабар берди.
Маълум қилинишича, Трамп атрофидаги айрим шахслар БААга Лаван оролини эгаллашни таклиф қилган. Бу ташаббус Амирликларнинг апрель ойи бошида мазкур оролга берган зарбаларидан сўнг илгари сурилган.
“Бориб, уни қўлга киритинг. У ерда АҚШ ўрнига, БААнинг қуруқликдаги қўшинлари бўлади”, деган собиқ мулозим.
Ушбу маълумот БААнинг 11 ҳафталик можарога тобора чуқурроқ жалб этилаётгани ва Исроил билан алоқалари кучайиб бораётгани фонида янгради. Февраль ойи охирида Исроил ва Америка Эронга ҳаво зарбалари бера бошлагач, Ислом Республикаси бунга жавобан ушбу давлатларнинг иттифоқчиси бўлган Форс кўрфази мамлакатларини нишонга олди. Уруш давомида БААга 2800 дан ортиқ ракета ва дронлар учирилди.
Минтақадаги янги геосиёсий бўлиниш
БАА уруш фонида Америка ва Исроил билан муносабатларини икки баравар кучайтирди. Бироқ бу ҳолат унинг қўшни давлатлар, жумладан, Саудия Арабистони билан муносабатлари кескинлашишига олиб келди. Уруш саудияликлар ва амирликларни яқинлаштириш ўрнига, улар ўртасидаги тафовутни янада чуқурлаштирди. Май ойи бошида БАА Саудия Арабистони етакчилик қиладиган йирик нефть ишлаб чиқарувчилар гуруҳи — OPEK’ни тарк этишга қарор қилди.
“Бу жараён қанчалик узоқ давом этса, уларнинг дунёдаги ва Форс кўрфазидаги ўрни — ким дўст-у, ким душман эканлиги ҳақида ўйлашига шунчалик кўп вақти бўлади”, деди АҚШнинг БААдаги собиқ элчиси Барбара Лиф The New York Times газетасига берган интервьюсида.
Яширин зарбалар ва ҳарбий иттифоқ
Хабарларга кўра, БАА президенти уруш бошланишида Саудия Арабистони ва Қатардан Эронга қарши биргаликда жавоб зарбалари беришни сўраган, бироқ улар бу таклифни рад этган. Апрель ойи бошида эса БАА Эроннинг бир қанча нишонларига, жумладан, Лаванга мустақил равишда зарба берган (Абу Даби буни расман тасдиқламаган). Саудия Арабистони ҳам март ойи охирида Эронга қарши кўплаб ҳаво ҳужумларини амалга оширган.
Шунингдек, Исроил Эрон бомбардимонларига қарши курашиш учун БААга “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб берган. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху эса март ойида БААга махфий ташриф буюрган ва президент Шайх Муҳаммад бин Зоид билан учрашган (Абу Даби эса бундай ташрифни рад этган).
Мазкур маълумотлардан сўнг Эрон БААни “ушбу тажовузнинг фаол ҳамкори” деб атади. Шунингдек, “Исроил билан тил бириктирганлар жавобгарликка тортилиши”дан огоҳлантирди. Баъзи Форс кўрфази давлатлари ўзлари хоҳламаган қиммат урушни бошлагани учун Америкага ғазаб билдирган бўлса-да, БАА бу давлат билан алоқаларни мустаҳкамлагани айтилмоқда.








