Ўзбекистон терма жамоаси ва Англиянинг “Манчестер Сити” клуби футболчиси Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер нархи ошди. Transfermarkt нашри маълумотларига кўра, ҳимоячи 35 миллион еврога баҳоланмоқда.

Ҳозирда Абдуқодир Ҳусанов дунёдаги энг қиммат футболчилар рейтингида 199-ўринда турибди. Ҳимоячи бу кўрсаткич борасида Англия чемпионатида 90-поғонани эгаллаган. “Манчестер Сити” таркибидаги 12 нафар футболчи Ҳусановдан қимматроққа баҳоланган бўлса, у дунёдаги энг қиммат марказий ҳимоячилар рейтингида 39-ўринни эгаллаган. Шунингдек, Абдуқодир 2004 йилда туғилган футболчилар орасида кучли ўнликка кирган.

Абдуқодир Ҳусанов Осиё қитъасининг энг қиммат футболчилари рейтингида ҳам юқорилади. Футболчи ҳозирда Митома, Ким Мин Жаэ, Кубо каби футболчилардан кейин 4-ўринни эгаллаб турибди.
Осиёнинг энг қиммат 5 футболчиси:
- Каору Митома (“Брайтон”) — 45 миллион евро
- Ким Мин Жаэ (“Бавария”) — 45 миллион евро
- Такефуса Кубо (“Реал Сосьедад”) — 40 миллион евро
- Абдуқодир Ҳусанов (“Манчестер Сити”) — 35 миллион евро
- Канг Ин Лее (“ПСЖ”) — 30 миллион евро
Эътиборли томони шундаки, Осиёнинг 3 карра энг яхши футболчиси Сон Хён Мин 30 миллион еврога баҳоланган. “Тоттенҳэм” ҳужумчисининг олдинги нархи 38 миллион евро эди.
Янгиланган нархдан кейин Ўзбекистон терма жамоасининг умумий қиймати 70 миллион еврога етди. Бу кўрсаткич бўйича, “оқ бўрилар” Осиё қитъасида 3-ўринни эгаллаб турибди. Ўзбекистондан юқорида 2 та терма жамоа бор — Япония ва Жанубий Корея.

Осиёнинг энг қиммат 5 терма жамоаси:
- Япония — 306 миллион евро
- Жанубий Корея — 134,10 миллион евро
- Ўзбекистон — 70 миллион евро
- Эрон — 46,30 миллион евро
- Бирлашган Араб Амирлиги — 44,35 миллион евро
Эътиборли томони шундаки, ҳозирда Абдуқодир Ҳусанов Осиёнинг бир қанча номдор терма жамоаларидан қимматроққа баҳоланмоқда. Мисол тариқасида, Саудия Арабистони терма жамоасининг умумий қиймати 30,65 миллион евро ҳисобланади. Шунингдек, Австралия (23,75 миллион евро), Қатар (23,23 миллион евро), Ироқ (13,98 миллион евро), Иордания (13,55 миллион евро) ва Хитой (13,33 миллион евро) каби жамоаларнинг нархи ҳам Ҳусановдан пастроққа баҳоланган.
Ўзбекистон терма жамоаси Марказий Осиёда ҳам яққол етакчилик қилмоқда.
Марказий Осиёда:
- Ўзбекистон - 70 млн евро
- Қозоғистон - 13.33 млн евро
- Тожикистон - 8.98 млн евро
- Қиргизистон - 7.15 млн евро
- Туркманистон - 2.98 млн евро
- Афғонистон - 825 минг евро
Марказий Осиёдаги Ўзбекистондан ташқари қолган жамоаларнинг умумий нархи 33,20 миллион евро эканлигини ҳисобга олсак, Ҳусанов ушбу жамоаларнинг барчасининг нархини қўшиб ҳисоблаганда ҳам қимматроқ эканини кўриш мумкин.
Изоҳ (0)