Қирғизистон ва Тожикистон пойтахтларида Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан ҳарбий парадлар бўлиб ўтди. Бишкек 360 мингдан ортиқ қирғизистонликни, Душанбе эса 300 мингдан ортиқ кишини урушга юборганди.

Бишкекдаги парад Алатоо майдонида, Душанбедаги парад эса “Ғалаба” боғида бўлиб ўтди. Қирғизистон одатда бу тадбирни 9 май куни ўтказади, бироқ президент Садир Жапаров Москвага кетиши сабабли у бугун ўтказилган. Худди шундай сабаб билан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон парадни вақтли ўтказишга қарор қилган. Бишкекда 3 минг ҳарбий хизматчи, Душанбеда эса 4,5 мингга яқин киши парадда иштирок этган.

Жапаров Қирғизистон фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшганини эслатган.
Марказий Осиё давлатларидан деярли барча эркаклар фронтга кетган. Қирғизистоннинг ҳар тўртинчи фуқароси фашистлар Германиясига қарши жанг қилган ва, афсуски, уларнинг ярми урушдан қайтмаган, қайтганларнинг кўпчилиги ярадор ва ногирон бўлиб қолган.

Биз Совет Иттифоқининг барча халқлари вакиллари билан елкама-елка туриб жанг қилган ота-боболаримизни фахр билан эслаймиз. Улар бутун дунёга буюк Манасдан мерос қолган қаҳрамонлик ва қўрқмаслик намунасини кўрсатди, деган Қирғизистон президенти табрик нутқида.



Тожикистон раҳбари эса урушга 300 мингдан ортиқ киши кетгани, бу мамлакат меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 50 фоизини ташкил этганини айтди.
Уларнинг 100 мингдан зиёди жангларда ҳалок бўлган, 40 мингдан ортиғи бедарак йўқолган, яна 60 минг нафари урушдан ногирон бўлиб қайтган. Замонавий тарихимизга абадий муҳрланган бу фидойиликларнинг барчаси тожик халқининг ушбу буюк ғалабага, бутун дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшган ҳиссасини ифодалайди, деган Эмомали Раҳмон.
У Тожикистон 100 мингдан ортиқ қочқинни қабул қилганини эслатди.
Халқимиз уларни бегона деб билмаган, бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак бериб, аксарини вояга етказган, деди сиёсатчи... Биз аждодларимизнинг жасорати билан фахрланамиз. Уларнинг ҳар бири фронтда ҳам, фронт ортида ҳам ғалаба қозонди. Уларнинг матонати бизнинг абадий йўлкўрсатувчимиздир, деган Эмомали Раҳмон.

7 май куни Қозоғистонда ҳарбий парад бўлиб ўтганди. Унда 200 дан ортиқ ҳарбий қурол-яроғ ва техника, жумладан, 66 та ҳарбий авиация самолёти ҳамда вертолёт намойиш этилган. Парад очилишида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев баёнот берди. У мамлакат бўйлаб 500 га яқин кўчага қозоғистонлик жангчилар номи берилишини айтган.
Глобал сиёсатга тажовуз ва нафрат бациллалари кириб келган бугунги кунда давлатимизнинг барча фуқароларига уруш ҳақидаги бор ҳақиқатни етказиш жуда муҳимдир. Ҳақиқатсиз тинчлик қадрини билиб бўлмайди. Уруш ва буюк ғалабанинг аҳамияти ҳақидаги тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатишга йўл қўйиб бўлмайди, деган сиёсатчи.
Изоҳ (0)