Ирландия маълумотларни ҳимоя қилиш комиссияси Хитойнинг ByteDance компаниясига қарашли TikTok тармоғини европалик фойдаланувчиларнинг маълумотларини Хитойга узатгани учун 530 миллион евро миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда комиссия расмий сайтида эълон қилинган баёнотда маълум қилинди.

Баёнотда айтилишича, тармоқ Европа Иттифоқининг шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қоидаларини бузган.
“Қарор умумий қиймати 530 миллион евро бўлган маъмурий жарималарни ва TikTok’ни олти ой ичида маълумотларни қайта ишлашни талабларга мувофиқлаштириш мажбуриятини ўз ичига олади. Шунингдек, агар маълумотларни қайта ишлаш белгиланган муддатда мувофиқлаштирмаса, TikTok маълумотларини Хитойга узатишни тўхтатиш тўғрисидаги фармойиш ҳам қарорда мавжуд”, дейилади комиссия баёнотида.
Бу жарима Ирландия регулятори томонидан белгиланган учинчи энг катта жарима ҳисобланади. Аввалроқ Меtа корпорацияси 1,2 миллиард евро, технология гиганти Амазон эса 746 миллион евро миқдорида жаримага тортилган эди.
TikTok’нинг ўзи ҳам илгари вояга етмаганларнинг шахсий маълумотларини қайта ишлашда гумон қилинган қоидабузарликлар учун регулятордан 345 миллион евро жарима олган.
Ирландия маълумотларни ҳимоя қилиш комиссияси мунтазам равишда йирик рақамли хизматларни Европа Иттифоқининг махфийлик қоидаларини бузгани учун жаримага тортади. Комиссия Apple, Google, TikTok ва бошқа рақамли гигантларнинг Европадаги бош қароргоҳлари Ирландияда жойлашганлиги сабабли уларнинг фаолиятини назорат қилади. Ҳозирги вақтда регулятор машҳур рақамли компанияларга нисбатан ўнлаб текширувлар олиб бормоқда.
Апрель ойида TikTok хизматини сотиш бўйича келишув АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо низоси ҳал бўлгунга қадар кечиктирилиши ҳақида хабар берилган эди. АҚШ президенти Дональд Трампнинг фикрича, ҳозирда Пекин TikTok бўйича келишув имзолашга шошилмаётгани аниқ.
Трамп таъкидлашича, Вашингтон бу вазифани уддалай оладиган “баъзи жуда яхши одамлар, баъзи жуда бой компаниялар” билан келишувга эришган.
TikTok билан боғлиқ мўжаролар
2024 йилнинг август ойида АҚШ TikTok ва унинг яратилиши учун асос бўлган ByteDance компанияларини судга берганди. АҚШ муассасалари TikTok ва ByteDance’ни болалар шахсий дахлсизлиги тўғрисидаги қонунларни бузишда айблаган. TikTok видеоҳостинг хизмати фаолияти қайта кўриб чиқилиши кераклиги, халқаро ҳамжамият тартиб-қоидаларига амал қилиш зарурлиги таъкидланган.
Январь ойида АҚШ Олий суди TikTok’ни сотишни ёки иловани мамлакатда бутунлай тақиқлашни талаб қилувчи қонунни маъқуллади.
Венесуэла Олий суди TikTok’ни 10 миллион доллар миқдорида жаримага тортганди. Компания турли челленжлар тарқалишини назорат қила олмаётганликда айбланган. Бу учта боланинг ўлимига олиб келгани айтилганди.
2022 йилнинг апрелида Афғонистон ҳокимияти тепасидаги “Толибон” ҳаракати аҳолига TikTok ижтимоий тармоғига, шунингдек, PlayerUnknownʼs Battlegrounds (PUBG) компьютер ўйинига киришни тақиқлади.
Изоҳ (0)