Ўзбекистон Марказий банки пул-кредит сиёсати бўйича шарҳида ички автомобиль бозори динамикасини таҳлил қилди. Унда автомобиллар нархи янги ва эски ҳамда кам ва кўп фойдаланилган турларга ажратган ҳолда ўрганилди.

Таҳлилларга кўра, 2023 йилнинг март ойидан бошлаб янги автомобилларнинг сўм ва доллардаги нарх индексларида сезиларли пасайиш кузатилди. Келгуси даврда сўмдаги нархларда ўсиш қайд этилган бўлишига қарамай, доллардаги қийматида умумий пасаювчи тренд сақланиб қолди.
2025 йилдан бошлаб нархларнинг ўсувчи динамикага ўтгани кузатилмоқда. Хусусан, март ойи якунига кўра, янги автомобиллар иккиламчи бозор нархларининг ошиши 2024 йилнинг мос даврига нисбатан сўмда 4,7 фоизни (долларда — 1,6 фоиз) ташкил этган.
“Ушбу ҳолат ички бозорда янги машиналарга талаб юқорилиги шароитида импорт ҳажмининг сезиларли камайиши билан изоҳланиши мумкин”, дейилади ҳисоботда.
Шу билан бирга, эски автомобиллар нархлари индексида фарқли тенденциялар кузатилди. Хусусан, доллардаги нархлар 2023 йилнинг сентябригача, сўмдагилар эса 2024 йилнинг ўрталаригача базавий даврга нисбатан баланд шаклланди. Келгуси даврларда иккала индексда ҳам нархларнинг пасайиш тенденцияси давом этмоқда.
“Кўп фойдаланилган автомобиллар нархининг пасайиши бозорда янги машиналарга бўлган талабнинг ўсаётгани, яъни аҳоли харид қилишда, асосан, сифат, кафолат, ёнилғи самарадорлиги ва янги технологияларни афзал кўриши каби омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин”, дейилади шархда.
Шунингдек, кредит ва лизинг имкониятлари асосан, янги автомобиллар учун қўлланаётганини, бундан ташқари, автомобилнинг инвестицион жозибадорлиги пасайиши нархлар пасайиши бўйича кутилмаларнинг шаклланишига хизмат қилаётгани қайд этиб ўтилди.
Божхона қўмитаси маълумотларида келтирилишича, 2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга автомобиль импорти кескин камайди. Январь—март ойларида мамлакатга 6 794 та енгил автомобиль олиб кирилди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 3,2 баробарга камдир. Импорт қиймати эса 4,2 баробарга камайиб, 115 миллион долларни ташкил этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, 2025 йил апрель ойида енгил автомобиллар савдоси 20 фоизга ўсди. Енгил автомобилларнинг бирламчи бозорида сотувлар ўтган ойга нисбатан 15 фоизга ошиб, 26 мингта автомобилни ташкил этди. Мамлакатда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар сотуви 20,5 мингтани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 4 фоизга ўсди.
2025 йилнинг март ойида сотувлар ҳажми 2 фоизга қисқарган фойдаланилган енгил автомобиллар бозоридаги фаолликнинг бир оз секинлашувидан сўнг, бозор апрель ойида кучли тикланишни кўрсатди. Савдолар 22 фоизга ошиб, сотилган автомобиллар сони 52 минг донага етди.
Изоҳ (0)