Ўзбекистон—Афғонистон аграр ҳамкорлигининг амалий намунаси сифатида Афғонистон ҳудудида “Дўстлик боғи” барпо этилади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 30 апрель куни қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузухуров ва бошқа масъуллардан иборат Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга хизмат сафарини амалга оширди. Ташриф доирасида делегация Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазирлиги раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.
Учрашув давомида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, тажриба алмашинуви, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди. Ташриф доирасида Ўзбекистон—Афғонистон аграр ҳамкорлигининг амалий намунаси сифатида Афғонистон ҳудудида “Дўстлик боғи” барпо этилиши режалаштирилган ер майдони – 100 гектарли ҳудуд кўздан кечирилди.


“Дўстлик боғи” лойиҳаси доирасида замонавий агротехнологиялар жорий этилиши, икки давлат аграр соҳаси мутахассисларининг ҳамкорликда фаолият юритиши кўзда тутилган. Лойиҳа орқали Афғонистон ҳудудида интенсив боғдорчилик ривожлантирилиб, мева етиштириш салоҳиятининг ошиши, маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринларининг яратилиши ва минтақада барқарор иқтисодий ўсиш учун замин яратилиши кутилмоқда.
Хабарда таъкидланишича, мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги дўстона муносабатлар, ўзаро ҳурмат ва манфаатли ҳамкорлик асосида ривожланиб бораётган икки томонлама алоқаларнинг муҳим кўринишидир.
Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё—Европа Иттифоқи” биринчи саммитида сўзлаган нутқида афғон томонини минтақавий иқтисодий жараёнларга, жумладан, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани қайта тиклаш йўли билан фаол жалб этиш зарурлигини таъкидлаганди. Президент Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ялпи мажлисида ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозимлигини айтганди.
Изоҳ (0)