Ҳиндистонлик ёзувчи Бану Муштак ва таржимон Дипа Бхасти 30 йилдан зиёд вақт мобайнида яратилган ҳамда Ҳиндистон жанубидаги аёлларнинг кундалик турмуши ва курашини тасвирловчи 12 та ҳикоядан иборат “Қалб чироғи” тўплами учун бадиий адабиёт соҳасидаги Халқаро Букер мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда Букер мукофоти фонди сайтида маълум қилинди.

Мукофот топшириш маросимида беш кишилик ҳакамлар ҳайъатига раҳбарлик қилган бестселлер муаллифи, Букер мукофоти соҳиби Макс Портер Лондондаги Тейт Модерн галереясида ғолибларни эълон қилган.
Бу мукофот илк бор ҳикоялар тўпламига берилмоқда. Бхасти 2016 йилда мукофот ҳозирги кўринишини олгандан буён уни қўлга киритган биринчи ҳиндистонлик таржимон ва тўққизинчи аёл таржимон ҳисобланади. Муштак эса шу даврдан бери мукофотга сазовор бўлган олтинчи аёл ёзувчидир.
Портер асосан Ҳиндистон жанубида 65 миллион киши сўзлашадиган каннада тилида битилган тўпламни, шунингдек, таржиманинг “кескин” хусусиятини юксак баҳолаб, ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг бу ҳикояларни муҳокама қилишини тинглаб “завқ олганини” таъкидлаган.

“Бу гўзал, шиддатли, ҳаётбахш ҳикоялар каннада тилидан кўтарилиб, бошқа тил ва шеваларнинг ғайриоддий ижтимоий-сиёсий бойлиги билан уйғунлашади. Уларда аёллар ҳаёти, репродуктив ҳуқуқлар, эътиқод, каста тизими, ҳокимият ва зулм ҳақида сўз юритилади”, деди Портер.
Китобга 1990-2023 йиллар оралиғида ёзилган ҳикоялар киритилган. Уларни жанубий Ҳиндистоннинг кўп тилли табиатини ўз таржимасида сақлаб қолишга интилган Бхасти саралаб, таҳрир қилган.
Муштак ўзининг миннатдорлик нутқида сўзлари ўқувчиларнинг қалбига етиб боргани учун уларга ташаккур билдирган.
“Бу китоб ҳеч қандай тарих аҳамиятсиз эмас, деган ишончдан туғилган; инсоний тажрибалар гилами ҳар бир ипи бутун оғирлигини кўтаради. Бизни тез-тез ажратишга уринаётган дунёда адабиёт ҳали ҳам бир-биримизнинг онгида, гарчи бир неча саҳифа бўлса-да, яшай оладиган сўнгги муқаддас маконлардан бири бўлиб қолмоқда”, деган Муштак.
Букер мукофоти ҳақида
Букер мукофоти дунёдаги энг нуфузли адабий мукофотлардан биридир. 2013 йилгача мазкур мукофот инглиз тилида ёзилган роман учун Миллатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан бирида, Ирландия ёки Зимбабведа истиқомат қилувчи муаллифга берилган. 2014 йилги мавсумдан бошлаб эса мукофот муаллифнинг фуқаролигидан қатъи назар, инглиз тилида ёзилган роман учун топширилмоқда. Ғолиб 50 минг фунт стерлинглик чекни қўлга киритади (2002 йилгача мукофот миқдори 21 минг фунтни ташкил этган). Мукофот илк бор 1969 йилда топширилган.
Изоҳ (0)