Тошкентда ЙПХдан қочиб, бир неча автомобилларга шикаст етказган Gentra’да бўлганларнинг 3 нафари 7 суткага қамалди. “Дарё” суд ҳужжати билан танишди.

Унга кўра, судланувчилар — 35 ёшли Г.П., 21 ёшли Б.Р. ва 20 ёшли Д.Қ. (барчаси аёл) 18 апрель куни С исмли шахснинг (автомобилни бошқарган аёл) уйида ўтказилган меҳмондорчиликда танишган. Шу куни кечаси ўша ерда тунаб қолишган. Эртаси куни эрталаб Б.Р.нинг соғлиғи ёмонлашгани учун С.нинг таниши бўлган йигит Ж.нинг автомашинасида С, Ж, Б.Р.,Д.Қ. ва Г.П. биргаликда дорихонага чиққан, автомашинани эса С. бошқарган.
Йўлда уларни ЙПХ ходимлари тўхтатгани учун автомашина давлат рақамларини олиб қўйишган. С. уларнинг огоҳлантиришига қарамасдан автомашинани катта тезликда бошқариб, бошқа транспорт воситаларига ҳам урилган. Уларни тўхтатишганидан сўнг ИИБ ходимлари ва бошқалар келишган. ИИБ биносига олиб кетишмоқчи бўлишганида қаршилик кўрсатиб, шу ерда бўлган фуқаролар уларга бақиргани учун уларни ҳақорат қилишган.
Аёллар қилган ишидан пушаймонлигини, бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтиб, суддан ўзига нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 19 апрелдаги қарори билан аёлларнинг учаласи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди. Уларнинг ҳар бирига 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Бир неча киши Gentra’да ЙПХ ходимидан қочиб, бир неча автомобилларга шикаст етказгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Тошкент шаҳар ИИББ аёл автомашинани наркотик модда таъсирида бошқарганини маълум қилганди. Ўзини Gentra эгасиман, деб таништирган йигитнинг сўзларига кўра, автомобиль унинг отасининг номида бўлган.
Изоҳ (0)