Бухоро шаҳридаги хусусий ЛОР клиникасида 11 ёшли бола вафот этганди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, бола “проба”сиз укол қилиниши оқибатида вафот этган. Бола спортчи бўлган, қулоғи оғриб, отаси билан клиникага мурожаат қилган. Бола вафот этгач, клиникада 13 кун давомида реанимацияда сақланган. Боланинг ўлими ошкор бўлгач, клиника раҳбари боланинг ота-онасига 30 минг доллар бериб, вазиятни тинчитмоқчи бўлган.
Бош прокуратура берган маълумотга кўра, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни текшириш ҳамда бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш лозимлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилди.
Барча зарур тергов ҳаракатлари ўтказилганидан сўнг иш бўйича қонуний тўхтамга келинади.
Фарғонадаги хусусий клиникада ҳам яна бир ўлим қайд этилди. Хусусий клиникага бурун операцияси учун кирган 33 ёшли эркак шифохонадан ўлик ҳолда чиқди. Марҳумнинг турмуш ўртоғи “Дарё”га маълум қилишича, турмуш ўртоғи 10 апрель куни кечки соат 18:00 да операцияга кирган ва 22:30 да эса унинг вафот этгани маълум бўлган.
Бош прокуратура ахборот хизмати вафот этган бемор Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ходими эканини маълум қилди. Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Митти вайн” тахаллуси билан танилган 27 ёшли вайнер Фарҳод Маннопов ҳам 2023 йил март ойида Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган хусусий клиникалардан бирида вафот этганди. У ҳам клиникага бурнини операция қилдириш мақсадида борганди.
Изоҳ (0)