Жорий йилнинг 22 апрель куни Рим папаси Франциск инсульт ва юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этди. Энди католик дунёси ўзи учун янги папа сайлаши керак. Рим папасининг сайланиш жараёни сирларга тўла, қадимий маросимлар ва тарихий воқеаларга бой бўлиб, бу жараён ўзи ичига бутун бир мураккаб руҳий ҳолатни қамраб олади. Ушбу жараён “конклав” деб номланади. Қуйидаги мақолада Рим папаси қандай сайланиши ва тарихда сайлов билан рўй берган қизиқ воқеалар ҳақида ҳикоя қиламиз.
9 кунлик мотам ва конклав
Ватиканда Рим папаси вафот этгач, дастлаб махсус тартибга кўра, папанинг шахсий муҳри ва балиқчи узуги (рамзий папа узуги) йўқ қилинади. Бу папа ваколатларининг тугаганини англатади.
Папанинг вафотидан кейин 9 кунлик расмий мотам (лотинча: novemdiales) ўтказилади. Дафн маросими одатда папанинг вафотидан 4–6 кун ўтгач, очиқ осмон остида, Авлиё Пётр майдонида ўтказилади.
Янги Рим папаси конклав деб аталадиган махсус жараён орқали сайланади. Бу жараён лотин тилида con clave – “калит билан ёпилган” деган маънони билдиради. Ушбу ном бежиз танланмаган. Конклавда қатнашувчи кардиналлар ташқи дунё билан алоқани узиб, махфий муҳитда овоз беришади.
Сайлов қадимий анъаналар, қатъий қоидаларга асосланган ва фақат кардиналлар (католик черковидаги энг юқори лавозимли дин арбоблари) иштирокида амалга оширилади.
Дафн маросими якунига етгач, тарихий сайлов — конклавга тайёргарлик бошланади. Папа йўқлигида бутун черков бошқаруви вақтинча кардинал камерленк (Рим-католик черковида муҳим вазифага эга бўлган руҳоний. У Папа вафотидан сўнг вақтинча Ватикан фаолиятини бошқаради, янги Папа сайланиши жараёнида эса асосий рол ўйнайди – таҳр.) қўлига ўтади. 15-20 кун ичида янги папа сайлови учун конклав чақирилади.

Конклав жараёни
Папани сайлаш жараёни Ватикандаги Сикстин черковида, Микеланжелонинг “Қиёмат куни” фрескалари остида ўтказилади. Ҳар бир кардинал ўз танлаган номзодини ёзиб, яширин овоз беради.
Папа бўлиш учун номзод камида 2/3 овоз йиғиши керак. Овозлар кунига бир неча марта саналади. Агарда натижа йўқ бўлса, сайлов тури давом этади. Сайлов жараёни ҳатто 1-2 ойгача чўзилиши мумкин. Тарих бунга бир неча бор гувоҳ бўлган. Бу ҳақида сал кейинроқ.
Овоз бериш жараёни якунига етгач, қоғозлар махсус печда ёқилади. Ватикан саройи мўриларидан оқ тутун чиқиши – янги папа сайланганини англатади.
Ден Браун асаридаги соявий воқеалик
Замонавий адабиётда сирли, тарихий ва диний мавзуларни триллер жанрида маҳорат билан қаламга олувчи муаллифлардан бири — Ден Браун (асл исми: Daniel Gerhard Brown) ўзининг “Иблислар ва Фаришталар” (Angels & Demons) асарида айнан конклав ва Ватиканда сирли воқеалар тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Китоб фантастика ва ҳақиқат орасида юради, лекин конклав тасвирида у анчагина реал тафсилотларга суянган. Ден Браун конклавни “ёпиқ қафасдаги руҳлар кураши” сифатида тасвирлайди.
Китобда асосий зиддият — илм-фан ва дин ўртасида кечади. “Иллуминати” деб аталувчи махфий жамият тўрт нафар кардинални ўғирлаб, уларни “преферити” — яъни папа бўлиши эҳтимоли энг юқори бўлган номзодлар деб тақдим этади.
Гарчи бу бадиий тўқима бўлса-да, ўтмишда ҳақиқатдан ҳам папа сайловларида қизиқ ва драматик воқеалар юз берган. Мисол учун, XIII асрда папа сайлови уч йил давом этган.

Тарихдаги конклавлар
Ватикан ўтмишда бўлиб ўтган конклавлар деталларини очиқлашни унчалик хуш кўрмайди. Шу боисдан бу жараён кўплаб инсонлар ва тарихчилар учун жуда қизиқ ҳисобланади.
Ватикан махфий архивидан нафақадаги архивчи монсенёр Чарльз Бернс 2005 йилда ABC News телеканалига берган интервьюсида, тарихда энг узоқ давом этган конклав ҳақида бир қанча фактларни ошкор қилган эди.
Унга кўра, 1268 йилда папа Климент IV вафотидан сўнг ўтмишдаги энг узоқ вақт давом этган конклав жараёни бошланган. Бу 1268 йилдан 1271 йилгача, аниқроқ қилиб айтсак, 1006 кун давом этган.
Ўшанда француз ва италян кардиналлари ўртасидаги чуқур бўлиниш, охир-оқибат конклавни уч йил давом этишига олиб келган. Янги папани сайлаш узоқ давом этгач, Витербо (Италиянинг марказий қисмида, Лазио минтақасида жойлашган шаҳар – таҳр.) аҳолиси кардиналларни саройга қамаб, уларнинг озиқланишини фақат нон ва сув билан чеклаб қўяди.
Бундан ташқари, аҳоли кардиналлар очиқ осмон остида бўлиши, яъни тезроқ бир қарорга келиши учун ҳатто сарой томини олиб ташлайди. Қизиғи, томсиз саройни бугунги кунда ҳам кўриш мумкин. Ниҳоят кўрилган чора-тадбирлар кардиналларни бир қарорга келишга олиб келади.
1274 йилда Иккинчи Лион соборида папа Гриқорий Х “Уби периcулум” деб номланган янги тартибни эълон қилади. Ушбу ҳужжат, папалик сайловларининг янги тартибини белгилаб беради.
Киритилган тартибга кўра, кардиналларни изоляция қилиш, уларнинг озиқланишини чеклаш ва сайлов жараёнини тезлаштиришга қаратилган қоидалар ўрнатилади.

Жумладан, агар конклав уч кундан ортиқ давом этса, кардиналлар кунига бир марта овқатланадилар. Агар конклав саккиз кундан ортиқ давом этса, кардиналларга фақат нон, сув ва вино берилади. Бундан ташқари, кардиналлар то янги папа сайлангунича Сикстин черковида тунаб қолишлари керак.
Бироқ чиқарилган қарорга қарамай конклавлар узлуксиз давом этаверган. Масалан, 1314 ва 1415 йилдаги конклавлар икки йил ортиқ вақт давом этган.
Папа сайлови вақтида сиёсий аралашувлар ҳам юз берган. Мисол учун, 1903 йилдаги конклавда Австрия императори Франс Иосиф ўз вакилини юбориб, бир номзодга қарши вето эълон қилади. Шундан сўнг черков расмийлари дунёвий аралашувни бутунлай тақиқлаб қўйишади. Бу қарор католик черковнинг мустақиллигини қатъий белгилаб беради.
Бенедикт XVI ва тарихий истеъфо
Энг замонавий воқеалардан бири — Бенедикт XVI нинг 2013 йилда кутилмаганда истеъфога чиқиши бўлган. Бундай воқеа охирги олти аср ичида биринчи маротаба содир бўлган эди.
Ўша вақтда Бенедикт XVI ўзини “танаси ва руҳи бу юкка бардош бера олмайди” деб илоҳий поклик билан четга чиққан эди. Унинг ўрнини эса Лотин Америкасидан чиққан илк папа — марҳум Франциск эгаллаганди. У оддийлик, камтарлик ва экологик масалалардаги фаолияти билан тарихда қолди.
Албатта, бу галдаги конклав узоқ давом этиши ҳақиқатдан анча йироқ. Чунки ХХ асрда энг узун конклав бор-йўғи беш кун давом этган.

Папани танлашда мезонлар қандай?
Конклав жараёнида Рим папаси этиб сайланиш эҳтимоли юқори бўлган кардиналларни аниқлашда бир нечта омиллар муҳим рол ўйнайди. Масалан, ёши, тажрибаси ва черковдаги мавқейи инобатга олинади.
Одатда 60–75 ёш оралиғидаги кардиналлар кўпроқ эътиборга олинади. Бу ёшдаги кардиналлар етарли тажрибага эга бўлиши билан бирга, соғлиғи яхши бўлиши кутилади.
Шунингдек, дипломатик тажриба, черков бошқарувидаги муваффақиятлар ва халқаро миқёсдаги тан олиниши кардиналларнинг номзодлигини кучайтиради.
Қуйида Рим папалигига номзодлар келтирилган:
- Петро Паролин (70, Италия) — Ватиканнинг олий дипломати, Францискнинг ўртанча вориси ҳисобланади. Хитой ва Яқин Шарқ билан музокаралардаги асосий фигура, ўта прагматиклиги учун танқид қилинган.
- Луис Антонио Тагл (67, Филиппин) — биринчи осиёлик папа бўлиши мумкин. Илгари Франциск билан яқин бўлишган, кейинчалик муносабатлари тугаган. LGBТ ва ажрашиш мавзуларига енгил қарайди. Аборт масаласида эса салбий фикрда.
- Питер Турксон (76, Гана) — биринчи қора танли понтифик бўлиши мумкин. Ижтимоий адолатни ёқлаб коррупцияга қарши курашади, аммо никоҳ ва руҳонийлик борасида анъанавий қарашларга эга.
- Питер Эрде (72, Венгрия) — консерватив, анъанавий ақидалар тарафдори. Францискнинг миграция сиёсатини танқид қилиб, муҳожирларни черковларга қабул қилиш чақириғига қарши чиққан.
- Маттео Зуппи (69, Италия) — прогрессив қанот вакили, Францискнинг ишончли одами. Украинада тинчлик воситачиси бўлиб ишлаган. Францискнинг йўлини давом эттириб, камбағаллар ва ёрдамга муҳтожларга ғамхўрлик қилиши мумкин.
- Хосе Толентино де Мендонша (59, Португалия) — энг ёш номзодлардан бири. У либерал қарашларга эга, Францискка яқин, аммо иерархияда баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Унинг фикрича, черков замонавий маданият билан ўзаро алоқада бўлиши керак.
- Марио Греч (68, Малта) — собиқ анъаначи, ҳозирда ислоҳотчи. Черковда аёлларнинг ролини кенгайтириш тарафдори. Муҳожирларни қутқариш билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар фаолиятини чеклашга уринган европалик сиёсатчиларни танқид қилган.
- Пиэрбаттиста Pizzaбалла (60, Италия) — Қуддуснинг лотин патриархи. У омма олдида ўзини тута билиши билан машҳур. 2023 йил октябрь ойида ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг, Pizzaбалла Ғазода тутқунликдаги болалар эвазига ўзини гаровга олишни таклиф қилган. 2024 йил май ойида у бир неча ойлик музокаралардан сўнг Ғазога ташриф буюриб, тинчлик ва инсонпарварлик қадриятларига содиқлигини намойиш этди.
- Роберт Сара (79, Гвинея) — анъанавий, православ кардинал бўлиб, кузатувчиларнинг фикрига кўра, у бир вақтлар Францискка “муқобил куч” сифатида ишлаган. У гендер мафкурасини жамиятга таҳдид сифатида қоралайди ва ислом фундаментализмига қарши чиқади. Тагл сингари у ҳам асрлар давомида биринчи қора танли папа бўлиши мумкин.

Рим папаси бўлиш нима беради?
Янги Рим папаси 1,3 миллиард католикнинг руҳий раҳбари ҳисобланади. У черковнинг асосий ақидавий йўналишларини белгилайди, диний маросимларни бошқаради ва муқаддас ҳужжатларни чиқаради.
Ватикан мустақил давлат сифатида халқаро дипломатик алоқаларга эга. Папа халқаро сиёсатда, айниқса, инсон ҳуқуқлари, тинчлик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалаларида фаол иштирок этади мумкин.
Масалан, марҳум папа Франциск иқлим ўзгаришига қарши курашда фаол бўлиб, 2015 йилда “Лаудато Си” энциклика (Рим папаси томонидан бутун католик черковига ёки унинг раҳбарларига йўлланадиган расмий мактубдир – таҳр.)сини чиқарган. Бу ҳужжатда у экологик муаммоларни ахлоқий ва руҳий масала сифатида кўрсатган эди.
Шунингдек, папа Франциск ижтимоий адолат, камбағаллик ва тенгсизликка қарши курашда черковнинг фаол иштирокини таъминлаган. У бу масалаларни черковнинг асосий вазифаларидан бири деб билган.
Гарчи янги Рим папаси дунёда тобора беқарорлашиб бораётган геосиёсий жараёнларга тўғридан-тўғри таъсир кўрсата олмаса-да, ижтимоий муаммоларга қарши курашда муҳим рол ўйнаши мумкин.
Изоҳ (0)