Россиянинг Саратов вилоятида юз берган ЙТҲда Ўзбекистоннинг бир фуқароси ҳалок бўлди, яна 5 нафари жароҳатланди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

16 апрель куни соат 01:10 да вилоятнинг Тамбов—Пенза—Саратов—Пристанное—Ершов—Озинки трассасида ЙТҲ содир бўлган. Ўзбекистон фуқаролари бўлган Lada Largus автомобили Autogalantas автовозига келиб урилган.
Оқибатда 1 нафар Ўзбекистон фуқароси — 1987 йилда туғилган К.Ф. воқеа жойида вафот этган, яна 5 нафари турли тан жароҳатлари билан туман шифохонасига жойлаштирилган.
“Ушбу ҳолат Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган бўлиб, Саратов вилояти ваколатли ва мутасадди идоралари билан алоқа ўрнатилиб, вафот этган фуқаронинг жасадини ватанга қайтариш ишлари билан боғлиқ жараёнлар бошланганини ва жабрланганларга тиббий муолажа кўрсатиб келинаётганини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Россия давлат автоинспекциясининг Саратов вилояти бошқармаси берган маълумотга кўра, ЙТҲдан сўнг енгил автомобиль ёниб кетган. Ҳалок бўлган фуқаро йўловчи бўлиб, 1968 йилда туғилган ҳайдовчи ва яна тўрт нафар йўловчи: икки аёл (1980 ва 2002 йилда туғилган) ва икки нафари эркак (1991 ва 2005 йилда туғилган) жароҳатланган.
Россияда ЙТҲга учраган ўзбекистонликлар
2025 йил март ойида Россиянинг Новгород вилоятида Lacetti ЙТҲга учраши оқибатида бир нафар ўзбекистон фуқароси вафот этганди.
2024 йил январида Россиянинг Пенза вилоятида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида саккиз нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганди. JAC русумли микроавтобус қарама-қарши йўлга чиқиб кетиши оқибатида Volvo юк машинаси билан тўқнашган. Қурбонларнинг жасади Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида Урганч шаҳрига олиб келинган.
2024 йилнинг сентябрида Россиянинг Нижегород вилоятида содир бўлган ЙТҲда етти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганди. Ўсгҳа ойда Тюмен—Ханти—Мансийск автомобиль йўлида Россияда ноқонуний бўлиб турган 55 ёшли Ўзбекистон фуқароси ЙТҲга учраб, вафот этганди. Татаристонда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ўзбекистонлик йигит оғир тан жароҳати олганди.
2024 йил ноябрида яна Пенза вилоятида содир бўлган автоҳалокатда икки нафар ўзбекистонлик вафот этди. ЙТҲ юк машинаси ва Cobalt автомобили иштирокида содир бўлган.
Изоҳ (0)