Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин шу ҳафта артиллерия машғулотларида қатнашди ва Марказий ҳарбий комиссия йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда North Korea News хабар берди.

Корея Марказий Ахборот Агентлиги (KCNA) маълум қилишича, Ким Чен Ин ва ўнлаб расмийлар 28 май куни саккизинчи Марказий Ҳарбий комиссия йиғилишида иштирок этган. Унда барча соҳаларда стратегик ва тактик устунликни мустаҳкамлаб туриш учун ҳарбий чоралар белгилаб олинган.

Йиғилишда сиёсий ва ҳарбий аҳамиятга эга йирик қурилиш лойиҳалари муҳокама қилинган, миллий мудофаа бўйича янги лойиҳалар тасдиқланган.
Шунингдек, расмийлар мудофаа имкониятларини кучайтиришга оид муҳим қарорлар қабул қилган. Булар қаторида шахсий таркиб устидан қатъий назорат ўрнатиш, янги бошқарув тизимини ва “пўлатдек интизом тизими”ни жорий этиш ҳам бор.
-I_dxN72w.avif)
Йиғилишда турли қуролларни синаш ва машғулотлар ўтказиш режалари муҳокама қилинган. Чунки Кимнинг 5 йиллик ҳарбий режаси тугаш арафасида ва янги режа декабрь ёки январда бўладиган партия йиғилишида эълон қилиниши айтилмоқда. Йиғилишда Ким Чен Ин 6 та ҳарбий корпус бошлиғи, артиллерия ва хавфсизлик бўлимлари раҳбарларини алмаштирган. Уларнинг кимлиги ёки қайси корпусдан экани очиқланмаган.

Суратларда ҳарбий бўлинмалар денгиз бўйидаги номаълум жойдан эски услубдаги тўлдириладиган дала тўплари билан денгизга қарата ўқ узаётгани кўрсатилган. Бу машғулотларда бўлинма қўмондонлари ҳам қатнашган.
“Ким артиллерия кучларининг ҳақиқий жанговар қобилиятлари мукаммал эканини мақтаган ва артиллерия кучларини янада кучайтириш бўйича кўрсатмалар берган”, деб хабар берди KCNA.

Ким 2024 йил октябрь ойида Шимолий Кореянинг 10 мингдан ортиқ қўшинини Россияга жойлаштиришни бошлаган. Маълумотларга кўра, аскарлар асосан Россия ҳудудида Курск вилояти ҳудудини Украина қўшинларидан қайтариб олишга жалб қилинган. Икки давлат 2025 йил апрель ойининг охирига қадар бу ҳаракатни тан олмаган.
Изоҳ (0)