Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди май ойида 4 кун давом этган можародан сўнг Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш АҚШ воситачилигида эмас, балки икки давлат ўртасидаги музокаралар орқали амалга оширилганини аниқ айтди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

“Нарендра Моди президент Трампга Ҳиндистон ва Покистон ўртасида ҳеч қандай АҚШ воситачилиги бўлмаганини аниқ айтди. Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича музокаралар бевосита Ҳиндистон ва Покистон ўртасида ҳарбий алоқа орқали ва Покистоннинг талаби билан бўлиб ўтди. Бош вазир Моди Ҳиндистон илгари воситачиликни қабул қилмаганини ва ҳеч қачон қабул қилмаслигини таъкидлади”, деди Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Викрам Мисри.
Вазирнинг айтишича, икки етакчи 17 июнь куни кечқурун Трампнинг қатъий талаби билан телефон орқали суҳбатлашган. Сабаби икки раҳбар G7 саммити доирасида Канадада учраша олмаган эди. Суҳбат 35 дақиқа давом этган.
Трамп май ойида Покистон ва Ҳиндистон АҚШ воситачилигидаги музокаралардан сўнг ўт очишни тўхтатишга рози бўлганини ва уруш ўрнига савдога эътибор қаратишга чақирганидан сўнг ҳарбий ҳаракатлар тугаганини айтганди.
Май ойида Покистон ташқи ишлар вазири Ишоқ Дор Al Jazeera нашрига берган интервьюсида Вашингтон сулҳга воситачилик қилгани ҳақидаги даъволарни рад этиб, Исломобод мустақил ҳаракат қилишини таъкидлаган эди.
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можарога 22 апрель куни Ҳиндистон томонидан бошқариладиган Кашмир штатидаги Паҳалгам шаҳрида содир бўлган ҳужум сабаб бўлганди. Унда 26 нафар тинч аҳоли, жумладан сайёҳлар ҳалок бўлган. Деҳли Покистон томонидан қўллаб-қувватланаётган қуролли гуруҳларни айблаган. Исломобод эса буни рад этганди.
7 май куни Деҳли Покистон ва Кашмирдаги бир нечта объектларга ракета зарбалари берган. Кейинги 3 кун давомида икки давлат бир-бирининг аэродромларига артиллерия ва ҳаво ҳужумлари уюштирганди. Ушбу ҳужумларда Покистонда камида 51 киши, жумладан, 11 аскар ва бир неча бола ҳалок бўлганини маълум қилган. Ҳиндистон эса камида 5 нафар ҳарбий ҳалок бўлганини билдирганди.
Изоҳ (0)