Сирдарё вилоятида ободонлаштириш бригадаси бошлиғи қўл остида ишлайдиган кўча супурувчи аёл номига кредит олиб ҳажга борди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов маълум қилди.
Вилоят раҳбарининг айтишича, ободонлаштириш ходимлари 10 кунга “Жасорат мактаби”га олиб борилган. У ерда Турдимов билан бўлган суҳбатда аввалига ҳеч ким муаммосини очиқ айтмаган. Аммо кейинчалик ходимлардан бири онаси ўзини осмоқчи бўлаётганини маълум қилган.
Сабабини сўрасам, айтиб берди: бригада бошлиғи онасидан кредит олишни сўраган. Кредитни эса ўз вақтида тўламаган. Кечиккан қарз ортиб кетган. Ўша пулни олган одам эса хотини билан ҳажга кетган. Кредитни эса бу аёл тўлаяпти, деди Эркинжон Турдимов.
Вилоят ҳокимнинг қўшимча қилишича, жабрланувчи аёл ва “ҳожи бобо”ни чақирган, бироқ бригада бошлиғи келмаган.
Эртага билиб, ўзи хижолат бўлиб, пулларни тўлаб, ҳисоб-китоб қилиб келибди. Майли, шунга ҳам шукр дедик. Қаранг, одамларимизнинг қандай бағрикенглиги бор!, деди ҳоким.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг “Дарё”га маълум қилишича, ҳолатни вилоят Адлия бошқармаси ўрганишни бошлаган ва шу вақт оралиғида бригада бошлиғи кредитдан қарздорликни тўлаб берган.
Изоҳ (0)