Ўзбекистонда транспорт воситаларидан чиқинди ташлаган фуқаролар учун жавобгарлик кучайтирилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Президентнинг 15 майдаги қарори билан тасдиқланган 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга транспорт воситаларидан чиқинди ташлаганлик учун жазо чораси кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилиши кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91-1-моддасида белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаган
- жисмоний шахсларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача (375 минг сўмдан 1 миллион 125 минг сўмгача),
- юридик шахсларга эса 3 бараваридан 5 бараваригача (1 миллион 125 минг сўмдан 1 миллион 875 минг сўмгача) миқдорда жарима қўллаш белгиланган.
Баҳолашларга кўра, ҳайдовчилар ва йўловчилар кўчалардаги чиқиндиларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Масалан, Буюк Британияда йилига йўллардан тахминан 200 минг қоп чиқинди йиғиштириб олинади, бу чиқиндилар таркибига фастфуд қадоқлари, тамаки қолдиқлари, пластик бутилка ва бошқалар киради.
Тадқиқотларга қараганда, йўллардаги барча чиқиндиларнинг тахминан 53 фоизи автомобиллар ҳайдовчилари ва йўловчилари томонидан ташлаб кетилади. Бу чиқиндилар орасида тамаки қолдиқлари, овқат ва ичимлик қадоқлари, пластик бутилкалар ҳамда қоғоз маҳсулотлари кўп учрайди.
Ўтган йилги маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида 638,8 мингдан ортиқ транспорт воситаси мавжуд, унга қўшимча равишда бир кунда пойтахтга ўртача 150 мингдан 300 мингггача транспорт воситаси кириб келади. Бир кунда ҳар 10 та автомобилдан биттасидан чиқинди ташланганда ҳам Тошкент кўчалари бир кунда 15 мингдан 30 мингтагача чиқинди билан тўлади. Бу эса салбий оқибатларни келтириб чиқариши тайин.
Изоҳ (0)