Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Маълум қилинишича, 2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, мамлакатда 1 миллион 50 минг 218 нафар ногиронлиги бўлган шахс яшайди. Бу умумий аҳолининг 2,7 фоизини ташкил этади. Улардан:
- 174 373 нафар — 18 ёшгача бўлган болалар,
- 96 067 нафар — I гуруҳ,
- 707 909 нафар — II гуруҳ,
- 71 869 нафар — III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслардир.
Қайд этилишича, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан 60 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, улардан 18 таси ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ногиронликни белгилаш тизими ҳам ислоҳ қилинди.
Хусусан, ушбу баҳолаш тизими асосида 32 036 нафар шахс баҳоланди, натижалар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимига киритилди. Бу жараён учун 450 дан зиёд масъул ходим малакаси оширилди.
Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари ТИЭК тизими қайта кўриб чиқилди. Вилоятлардаги 33 та ихтисослаштирилган комиссия тугатилиб, туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар орқали ногиронлик белгилаш амалиёти жорий этилди. Барча комиссияларга педиатрлар штати киритилди.
Бунинг натижасида кўрикдан ўтувчилар сони 15 дан 12 нафарга камайди, шунингдек, 150 минг фуқаронинг вилоят марказига қатнашига зарурат қолмади. Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссия кўригига чақирмасдан ногиронлик белгиланадиган касалликлар сони 39 тадан 48 тагача кенгайтирилди. Натижада 463 нафар шахс комиссияга боришдан озод этилди ва ногиронлик масофадан туриб белгиланди.
Эндиликда ногиронлик гуруҳи, сабаби, муддати ва реабилитация тадбирлари “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” тизимида инсон омилисиз, электрон тарзда шакллантирилади.
Протез ва реабилитация воситалари билан таъминлаш кенгаймоқда. Давлат кафолати асосида бериладиган протез ва реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 38 тагача оширилди. Ваучер тизими жорий этилиши натижасида 2025 йилнинг ўзида 69 мингдан ортиқ восита қисқа фурсатларда эҳтиёжмандларга етказилди.
220 та амбулатор яъни кундузги қатнов, реабилитация хизмати ташкил этилди ва шу кунга қадар 6 600 қатновда 770 нафар ногиронлиги бўлган шахсга хизмат кўрсатилди.
2025 йил I ярим йиллигида пенсия тайинлаш учун иш стажига эга бўлмаган 48 771 нафар фуқарога нафақа, моддий ёрдам ва компенсация пул тўловлари тайинлаб берилди. Жумладан:
- 6 811 нафар фуқарога — ёшга доир нафақа;
- 16 014 нафар фуқарога — ногиронлик нафақаси;
- 3 770 нафар оилага — боқувчисини йўқотганлик нафақаси;
- 14 115 нафар фуқарога — ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақаси;
- 6 144 нафар фуқарога — парваришлаш нафақаси;
- 1 252 нафар фуқарога — ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ёрдам;
- 612 нафар фуқарога — уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловлари тайинлаб берилди;
Шунингдек:
- парвариши ва таъминоти учун тўлов билан қамраб олинган оилага тарбия (патронат)га берилган тутинган болалар — 42 нафар;
- оилавий болалар уйи тутинган болалар — 11 нафар.
Изоҳ (0)