Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида хотин-қизлар ва оила институтига доир масалалар муҳокама этилди, деб ёзади ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларнинг борлиги, соғлиқни сақлаш, таълим тизими, маънавият соҳасидаги муаммоларнинг йиғилиб қолгани фарзандлар, аёллар, оилаларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозир ушбу муаммоларни ҳал қилишга жадал киришилган. Бу борада биринчи қадам қўйилди. Аёлларнинг ижтимоий муаммоларини, уй-жой масаласини ҳал қилиш, ногиронлиги бўлган аёлларга алоҳида эътибор қаратиш, бундан ташқари, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида ҳаракатлар қилинмоқда. Жорий йил давомида 2 минг 10 та уй-жой қурилиб, ногирон ва муҳтож аёлларга берилиши режалаштирилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилором Файзиева жорий йилда қонунчиликда аёллар масаласига доир ишлаб чиқиладиган меъёрий ҳужжатлар хусусида сўз юритди.
Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, оилавий ажримларнинг асосий сабабларидан бири учинчи томоннинг аралашуви экан. Ваҳоланки, никоҳнинг тақдирини фақат икки киши — шу никоҳда бўлганлар белгилайди. Ана шулардан келиб чиқиб, никоҳнинг бузилишида аралашган, иштирок этган учинчи шахсга нисбатан ҳам жазо қўллаш, қонунларда акс эттириш таклифи билдирилди.
Изоҳ (0)