Сирдарё вилояти Гулистон туманида трансплантология ёрдамида донор аёлнинг буйраги укасига кўчириб ўтказилди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, Гулистон туманининг “Аҳиллик” маҳалласида яшовчи Акромжон Маматқуловда (1976 йилда туғилган) ўткир буйрак етишмовчилигининг илк аломатлари кўзга ташланган. Унга Гулистон тиббиёт кластерининг нефрология ва гемодиализ бўлимига йўлланма берилган, аммо бора-бора гемодиализ муолажалари самара бермай қўйган.
Шу сабаб унинг опаси Гулбаҳор Мухторова (1974 йилда туғилган) Акромжонга бир буйрагини беришга қарор қилган. Шифокорлар хулосасидан сўнг буйрак трансплантацияси билан боғлиқ юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилади.
Ушбу амалиётни Гулистон тиббиёт кластерида В.Ваҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази хирурглари сирдарёлик хирурглар ҳамроҳлигида муваффақиятли ўтказган.
Айни вақтда операция иштирокчиларининг саломатлиги яхши. Улар ўз уйида шифокорлар назорати остида даво муолажаларини олмоқда.
“Рости, жондек жигарингни кундан-кунга сўлиб боришини кўргач, на кўзингга уйқу келади, на бир қултум сув томоғингдан ўтади. Кўп ҳам ўйлаб ўтирмадим, укам, унинг гулдек фарзандлари кўз ўнгимдан ўтавергач, бир буйрагимни беришга қарор қилдим. Кўриб турганингиздек, укажоним соғ-саломат. Опа учун ҳар нарсадан кўра, жигарининг саломатлиги муҳимроқ. Бунинг учун шифокорларга раҳмат. Улар ёрдами сабаб, мен укамга, укам саломатликка эришди”, — дейди Гулбаҳор Мухторова.
Таъкидланишича, харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилган.
Изоҳ (0)