Президент Шавкат Мирзиёев 25 август куни Самарқандга ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари ташрифини Имом Бухорий мақбараси зиёратидан бошлаган. Мақбара жойлашган зиёратгоҳ зиёратчиларга шароитларни кенгайтириш мақсадида улкан мажмуага айланирилмоқда. Зиёратгоҳ умумий майдони 44 гектар этиб кенгайтирилган. Мўтабар мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси қуриб битказилган. Мажмуанинг тўрт бурчагидаги 75 метрлик миноралар ўрнатилган.

Айни пайтда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Пештоқлар ва айвон деворларига “Саҳиҳи Бухорий”дан ҳадислар битилмоқда, дейилади манбада.
Президент мажмуа фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши кераклигини таъкидлаган. Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ва камолоти бу ерга келувчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши қайд этилган.

Янги мажмуада инновацион музей ҳам ташкил этилмоқда. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади. Шунингдек, музейда Қуръони Каримда исмлари зикр қилинган 25 та пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади.

Зиёратгоҳ атрофида меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш бинолари ҳам қурилиш ишлари якуний босқичга кирган.
Давлат раҳбари қурилишни сифатли бажариш, одамларга қулайликларни кенгайтириш, мажмуа атрофида яшил майдонларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган.
Маълумот учун, 25-26 август кунлари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн давлат ташриф билан мамлакатимизда бўлади.
Самарқандда бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Изоҳ (0)