Сенатнинг 26 июндаги ялпи мажлисида “Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Мажлисда қайд этилишича, Ўзбекистон мазкур Конвенцияга қўшилиши натижасида фуқаролик ядро объектларида содир бўлган ҳодисалар оқибатида етказилган зарар учун жавобгарлик режими, зарарни қоплаш тартиби, муддатлари ва тамойилларини белгилайдиган асосий нормалар татбиқ этилади. Шунингдек, ядровий жавобгарлик режими ядровий фалокат юз берган тақдирда Ўзбекистон халқига товон тўланиши таъминланади.
Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади ядровий қурилма оператори томонидан бошқариладиган иншоотларда содир бўлган ҳодисалар натижасида юзага келган ядро зарари учун операторнинг жавобгарлигини, шунингдек, ядро зараридан молиявий ҳимояни таъминлаш учун минимал талабларни белгилашдан иборат.
Вена конвенциясига қўшилиш зарарни қоплашнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳуқуқий механизмларини таъминлаб, жабрланувчиларни ҳимоя қилишни кучайтиради, ядровий қурилмалар операторининг аниқ мажбуриятларини белгилайди ва юзага келиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун ишончли молиявий кафолатларни яратади.
Шу билан бирга, миллий ядро хавфсизлиги тизимига ишончни оширади, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва ядровий жавобгарлик соҳасидаги замонавий стандартларга риоя этилишини таъминлайди.
Ўзбекистоннинг Вена конвенциясига қўшилиши ядро энергетикаси ва хавфсизлиги соҳасида халқаро ҳуқуқий майдонга киришини таъминлашга, ядровий хавфсизликни кафолатлашга, ядровий зарардан жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилишга, давлатнинг ядро энергетикаси соҳасидаги масъулиятини аниқ белгилашга ҳамда ядро энергетикаси соҳасида суғурта тизими ва компенсация механизмларини жорий этишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Атом энергияси халқаро агентлиги билан ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди ва унинг дастурлари доирасида лойиҳаларни амалга ошириш ишлари фаоллашади.
Ушбу қонун Қонунчилик палатасининг 27 майдаги йиғилишида депутатлар томонидан қабул қилинганди.
Шавкат Мирзиёев 2024 йил 24 декабрь куни “Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаганди. Унда Ўзбекистон қатор халқаро шартномаларга, шу жумладан Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенцияси қўшилиши белгиланганди.
Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенцияси — бу халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, ядровий воқеалар натижасида юзага келадиган зарарлар учун фуқаролик жавобгарлик масалаларини тартибга солади. Конвенция 1963 йил 21 майда қабул қилинган ва 1977 йил 12 ноябрда кучга кирган.
Изоҳ (0)