Тадбиркор Мурод Назаров 17 июль куни қурилиш соҳасига оид йиғилишда Тошкент шаҳрида қурилиш ишлари давомида дарахтларни кесишга қўйилган чекловни олиб ташлаш бўйича фикр билдирди. Тадбиркорнинг мазкур таклифига Экопартия ўз кескин муносабатини эълон қилди.

Унда қайд этилишича, дарахтларни муҳофаза қилиш борасида жорий этилган мораторий бежизга белгиланган эмас. Акс ҳолда, бугунги кунда экологик ҳалокатга юз тутган бўлиши мумкин эди.
Экопартия дарахтларни кесиш масаласида жиддий позицияда турибди. Уларнинг таъкидлашича, сув танқислиги ва глобал исиш шароитида ҳар бир дарахтнинг аҳамияти янада ошмоқда. Етук дарахтлар кислород чиқариб, ҳавони тозалаш, шовқинни камайтириш, тупроқ эрозиясини олдини олиш каби табиат учун муҳим функцияларни бажаради. Мораторийнинг аҳамияти жуда катта — айрим ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларига қарамасдан, ушбу чора-тадбир туфайли 98 фоиздан ортиқ дарахтларнинг кесилишига йўл қўйилмади.
Маълумот ўрнида келтирилишича, 2025 йилнинг биринчи ярмида дарахтларни кесиш бўйича келиб тушган 3 235 та ариза рад этилиши ҳисобига 453 238 та дарахт асраб қолинган. Уларнинг 86 309 таси қимматбаҳо навларга мансуб бўлган.
Экопартия қайд этишича, “қайта экиш” номи билан кўчирилаётган ёки янгидан экилган кўчатларнинг аксарияти қовжираб, қуриб қолаётгани кузатилмоқда. Шу боис, бу амалиёт табиатга фойда эмас, зарар келтирмоқда.
Бундай ёндашув нафақат экологик мувозанатга, балки Ўзбекистон қонунчилигида мустаҳкамланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тамойилларига ҳам зид. Агар ҳар ким дарахтни ўз ҳудудидаги тўсиқ сифатида кўриб, уни “муқобил экиш” билан алмаштиришни одат қилса, бу табиатга қарши очиқчасига тажовуз, яъни экологик жиноят саналади.
Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, Экопартия Ўзбекистонда ҳам ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларига қарши қатъий чоралар кўриш, қонунчиликка самарали механизмларни жорий этиш вақти келганини таъкидлади.
“Биз, Экопартия депутатлари тадбиркорларнинг бу каби табиатга бешафқат муносабатлари ва таклифларига мутлақо қаршимиз. Бу каби чуқур таҳлил қилинмасдан билдирилган таклифлар келгусида табиатга бефарқлик билан ёндашиш ва экологик барқарорликка таҳдид солувчи ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Шуни қатъий таъкидлаймиз: ҳар қандай ривожланиш, бунёдкорлик ва реконструкция ишлари экологик манфаатлар ҳисобига эмас, улар билан мувозанатда олиб борилиши лозим”, дейилади партия баёнотида.
Экопартия қонунчилик ташаббуси сифатида реновация лойиҳаларида зарар етказилиши мумкин бўлмаган объект сифатида мораторий эълон қилинган дарахт ва буталарнинг жойлашган жойини қонуний мустаҳкамлаш бўйича фаол ҳаракат қилишини маълум қилди.
Маълумот учун, 500 минг дарахт йилига тахминан 50-60 минг тонна кислород ишлаб чиқаради. Бу 70-80 минг кишининг йиллик нафас олиши учун етарли.
2023–2024 йиллар ва 2025 йилнинг 5 ойи давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда 3 500 дан ортиқ экологик рейд тадбирлари амалга оширилди. 250 мингдан ортиқ корхона ва фуқароларга соҳага оид профилактика тадбирлари ўтказилди. Шундан соҳага оид қонунчилик талабларини бузган 110 941 нафар шахс аниқланиб, уларга 115 млрд сўм маъмурий жарималар белгиланди ва 32 млрд сўм табиатга етказилган зарарлар бўйича даъво қўзғатилди, шундан жами 66 млрд сўм маблағ ундириб олинди.
Изоҳ (0)