Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан иқтисодий фаоллик даражасини баҳолаш ва прогноз қилиш учун республикада уй-жой ва ипотека бозоридаги фаоллик даражаси таҳлил қилинди.
2024 йилнинг III чорагидаги ҳолат
Ушбу даврда Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди. Хусусан, июль сентябрь ойларида кўп қаватли уйлардаги квартиралар олди-сотдиси учун 41 861 та шартнома расмийлаштирилган. Ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг мос давридагига нисбатан 3362 тага (7,4 фоизга) кам.
Таҳлиллар тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари ва аҳоли тасарруфидаги даромадлар уй-жой бозорига таъсир этувчи муҳим омиллар эканлигини кўрсатди.
2021 йилнинг январь ойидан 2024 йилнинг сентябрь ойигача бўлган даврда уй-жой олди-сотдиси ва аҳолига ажратилган ипотека кредитлари ҳажми ўртасида (корреляция коэффициенти = 0,81), шунингдек, уй-жой олди-сотдиси ва аҳолининг тасарруфдаги даромадлари ўртасида (корреляция коэффициенти = 0,48) сезиларли боғлиқлик мавжудлиги аниқланди.
Ипотека кредитлари ҳажми
Марказий банки маълумотларига кўра, 2024 йилнинг III чорагида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 4,84 трлн сўмни ташкил этган. Мазкур кўрсаткич 2023 йилнинг мос давридагига нисбатан 7,3 фоиз кам.
Таҳлилларга кўра, ажратилган кредитларнинг ўсиш суръати сўнгги 3 йилдаги ўртача даражада сақланиб қолса, йил охирига қадар ҳар ойда ўртача 13–14 мингта уй-жой олди-сотди шартномалари тузилишини кутиш мумкин.
Маълумот учун: 2023 йилнинг IV-чорагида ҳар ойда ўртача 12,9 мингта шартнома имзоланган.
Август ойида энг йирик кўчмас мулк платформаси “Реалтинг.уз” раҳбари Андрей Содиқов ва Домио АҲ раҳбари Шуҳрат Ҳасанов Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорининг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берган эди.
Сентябрь ойида эса Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик бир оз пасайгани айтилганди.
Кейинроқ Стратегик ислоҳотлар агентлиги уйсизлик муаммосини бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиққани ҳақида хабар берганди.
Унда қуйидаги таклифлар тайёрланган:
- “Уй-жой – ижтимоий кўмак асоси” тамойилини жорий этиш;
- уйларни эгаликка эмас балки ижарага бериш бозорини ривожлантириш;
- ижтимоий уйлар фаолиятини самарали ташкил қилиш мақсадида давлат-хусусий шерикчилик асосида ёки хусусий тадбиркорларга мавжуд уйларни бериш, бунда, қайта қуриш, таъмирлаш ва уйни кейинчалик бошқариш мажбуриятини юклаш ҳамда фуқароларга узоқ муддатда ижарага арзонлаштирилган нархда тақдим этишни йўлга қўйиш (ҳар бир ҳудудда рейтингни ижобий бўлган 1 тадан девелоперга ижтимоий уйларни қуриш буюртмасини бериш);
- уйларга жойлаштиришда талабгорнинг турар жойга муҳтожлик даражасини баҳолаш бўйича аниқ мезонларни тасдиқлаш, бунда фуқароларни аниқлашда кейс-менежмент усулидан фойдаланиш;
- талабгорларни уйларга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш мақсадида фуқароларни онлайн навбатга олиш электрон платформасини жорий қилиш.
Изоҳ (0)