2023 йилда Андижонда миллий ва жаҳон эстрада юлдузлари иштирокида шов-шувли “Дунё садолари” фестивали ўтказилгани ёдингизда бўлса керак. Унда кўплаб машҳур санъаткорлар, хусусан, хонандалар Bоney М ва Доктор Альбандан Otawan гуруҳигача чиқиш қилганди.
Фестивал доирасида Хонобод шаҳар Ёшлар марказида Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан Ёш эстрада хонандалари республика кўрик-танлови ўтказилганди. Унда 40 дан ортиқ гуруҳ ва кўплаб яккахон ижрочилар куч синашган эди. Ана шу танлов ғолиблари ҳанузгача ваъда қилинган мукофотларни олгани йўқ.
Қанча ваъда қилинган эди?
Ғолиблар фестивалнинг очилиш маросимида Маданият вазири томонидан тантанали тақдирланган. Фахрли ўрин ғолибларига диплом, статуэтка ва пул мукофоти (3-ўрин — 10 миллион, 2-ўрин — 20 миллион, 1-ўрин — 30 миллион сўм) тақдим этилди. Гран-при совриндори эса 40 миллион сўм пул мукофоти, диплом, статуэтка билан тақдирланди.
Ўшанда танловда Тошкент шаҳридан иштирок этган Бобур Ўразалиев учинчи ўринга сазовор бўлган. Санъаткорнинг “Дарё”га маълум қилишича, орадан бир ярим йил ўтган бўлса-да, берилиши лозим бўлган пул мукофотидан дарак йўқ. Вазирлик ҳокимликка, ҳокимлик эса вазирликка тўнкамоқда.
“Фестивалда қатнашиб учинчи ўринни олганман. Бунинг учун 10 000 000 сўм пул мукофоти ваъда қилинган. Афсуски, ҳалигача пулимизни ололмай сарсон бўляпмиз. Бу бўйича Маданият вазирлиги ва Андижон вилоят ҳокимлигига бир неча маротаба, бундан ташқари, Президент портали ва прокуратурага ҳам мурожаат қилинди. Афсуски, ҳеч қандай натижа йўқ.
Вазирлик масъуллари танлов фақатгина Андижон вилоятида ташкил этилгани инобатга олиниб, ғолибларни тақдирлаш вилоят ҳокимлиги томонидан амалга оширилишини билдиришди. Ҳокимликдагилар эса танлов Маданият вазирлиги ташаббуси билан ўтказилганлигини таъкидлаб, пул мукофотларини вазирлик беришини айтиб келмоқда. Шунақа сансалорлик билан вақтни ўтказишяпти”, дейди Бобур Ўразалиев.
Самарқандлик Диёра Жаъфарова Танлов низомида кўрсатилган мукофоти миқдори билан ғолиб ва совриндорларга тақдим этилган сертификатда кўрсатилган мукофот миқдоридаги тафовутга эътибор қаратган.
“Фестивал қатнашчиларига, яъни ўрин олган ғолибларга тақдирлаш маросимида пул мукофоти берилиши керак эди. Бу Низомда ҳам ёзилган. Лекин, пул ҳеч кимга берилмади.
Эътибор қилсангиз, Низомдаги мукофот пуллари билан бизга берилган стенддаги сумма икки хил. Ҳужжатда 1-ўринга 5000 АҚШ доллари берилади дейилган бўлса-да, менга 30 млн сўм стенди тақдим қилинган.
Бундан ташқари фестивал халқаро миқёсда ўтказилади, бутун дунёдан қатнашчилар бўлади, деб айтилганди. Шунга қизиқиб боргандик. Афсуски, фақат республика даражасида бўлди”, самарқандлик Диёра Жаъфарова.
Пулни адвокатлар ҳам олиб беролмаяпти
2024 йилда шов-шувларга сабаб бўлган “Овоз” мусиқий лойиҳаси ғолиби Шоҳрухмирзо Ғаниев ушбу танловда иккинчи ўринни эгаллаб, 20 миллион сўмни қўлга киритган. Унинг айтишича, ҳаммаси ҳаққоний ва адолатли бўлган. Бироқ мукофотга келганда тарвузи қўлтиғидан тушган.
“Мурожаат қилавериб, чарчадик. Ҳаттоки чиқмаган жондан умид деб адвокатларни ўртага қўйиб ҳам кўрдик. Афсуски, ҳеч қандай натижа бўлмади...
Энди оёққа тураётган ижодкормиз. Шу сабабли вазирликдагилар билан тортишиб, тўсиққа учрамайлик, деб барчасига инсоф берсин дейишдан бошқа иложимиз қолмаяпти.
Аммо шу пулга ишониб, қарз олгандим, қарзга ботиб кетдим. Бор-е деб воз кечиб кетай десангиз, 20 миллион сўм кичик пул эмас.
Бундан ташқари, яқинларимизга, ўша пайтда мақтаниб қўйган жойимиз бор. Уйдагилар, ҳамкасблар эсига тушганда сўраса ана беришаркан, мана беришаркан деб алдаб келяпмиз. Шунинг ортидан туппа-тузук ёлғончига айланиб қолдик”, Шоҳрухмирзо Ғаниев.
Гран-при соҳиби Сарвиноз Камолова ҳам умидлари пучга чиққанини, масъулларга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлаётганини айтмоқда.
“Битта танловда қатнашиш учун қанча ҳаракат қиламиз. Изланамиз, янгилик яратишга ҳаракат қиламиз. Танлов Тошкентда бўлганда ҳам майли эди. Кетган вақтимиз ва пулимизга ачинмаймиз. Лекин фестивал Андижонда бўлди.
Бир ҳафта олдин бориб, жойлашдик. Танловда ғолиб ҳам бўлдим. Кейин якуний тадбирларда чиқишимиз кераклигини айтиб, олиб қолишди. Ётоғимиз, озиқ-овқатимизга қанча кетганини ўзимиз биламиз.
“Овоз” лойиҳасида иштирок этиш давомида вазирга муаммони вазирга айтишга ҳаракат қилдик, лекин бунинг имкони бўлмади. Тўғрироғи, ҳал қилиб берамиз, деб яна алдашди”, дейди Сарвиноз Камолова.
Санъаткорларни “кийдирган” вазирлик бўлиб чиқяпти
“Дарё” мухбири вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Марҳабохон Сатторова билан боғланганида, у ғолибларга бериладиган тўловларни вазирлик бўйнига олганини билдирган.
“Мен ўша пайтда мезбон сифатида ташкилий ишлар билан асосий саҳна томонда эдим. Танлов билан вазирликнинг Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Фаррух Юнусов шуғулланган.
Ҳокимлик ҳакамлар ва бошқа масъулларнинг ётоқхона, озиқ-овқат харажатларини бўйнига олган. Танлов ғолибларининг мукофотларини бериш вазирликнинг зиммасида қолган”, деди бошқарма бошлиғи.
Вилоят ҳокимлиги масъуллари ҳам танлов вазирлик ташаббуси билан ўтказилганини, ҳокимликнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди.
“Танлов харажатлари сметада йўқ”
“Дарё” Маданият вазирлиги Ижодкор ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Фаррух Юнусов билан ҳам боғланди.
“Фестивални хориждан олиб келинган санъаткорлар билангина ўтказмасдан, ўзимизнинг иқтидорли ёшларни кашф қилиб, уларнинг танловда иштирокини таъминлаб, якунда ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш йўл-йўлакай кўзда тутилган масала эди. Аслида танлов ўтказиш тўғрисида ҳужжат, топшириқ бўлмаган.
Ғолибларга мукофот пуллари берилмайди эмас, берилади. Фақат айни пайтда бюджетимизда тақчиллик юзага келмоқда. Шу сабабли яқинда ғолиблардан бирини чақиртириб, уларга ҳозирги шароитни тушунтирдик.
Агар декабрь ойининг якунига қадар бюджет ҳисобрақамлари очилиб қолса, албатта, бериб юборамиз. Қолиб кетмайди. Ғолибларнинг у пуллари бизга керак эмас. Шу кунгача қанақа танлов бўлса, ҳаммасига мукофот пуллари берилган. Фақат шу танловда берилмай қолди”, деди Юнусов.
Унинг қўшимча қилишича, шу кунга қадар унга танлов ғолиблари томонидан бир марта мурожаат бўлган. Шундагина уларга мукофот пуллари берилмаётганидан хабар топган.
Ғолиблар эса танлов якунларидан буён вазирликка нафақат ёзма, балки бир неча маротаба оғзаки мурожаат ҳам қилинганини билдиришди. Юнусов эса бундан яхши хабардорлигини айтишди. Қизиқ, Юнусов нимани яширмоқчи?
“Лоф бўлмасин битта ўзим камида ўн-ўн беш маротаба Фаррух Юнусов ва унинг ёрдамчиси Жасур Сатторов билан шу масалада гаплашганман. Улар “бўлади, бўлади” дейишдан бошқасига ярамайди. Аммо вазир ўринбосари юборган жавоб хатларида бошқа нарсани гапиришади. Доим ёш боладек алдайди”, дейди Бобур Ўразалиев.
Ушбу масала юзасидан Маданият вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Сирожиддин Ўсаров билан боғланганимизда йиғилишда эканлигини айтиб, кейин ўзи алоқага чиқишини билдирди. Бироқ орадан бир неча кун ўтгач матбуот котиби сафарда эканлигини ва бу бўйича Ўзбекистонга қайтиб борганида хабарлашишини айтиш билан кифояланди.
“Дарё” воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Изоҳ (0)