Россия Украина билан музокараларни қайта бошлашга тайёр. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашувдан сўнг баёнот берди.
Медведевнинг таъкидлашича, агар Киев “ер юзида ҳукм сураётган воқеликни” қабул қилса ва Путиннинг илгари айтган шартларни ҳисобга олса, Москва мулоқотни бошлайди.
Путин июнь ойида музокаралар жараёнини бошлаш учун бир қатор шартларни илгари сурган эди. Хусусан, Россия қисман босиб олган, лекин тўлиқ назорат қилмайдиган ҳудудлардан Украина қўшинларининг олиб чиқилиши; Киевнинг НАТОга киришдан бош тортиши. Бу таклифлар Украина томонидан дарҳол рад этилган.
18 октябрь куни БРИКС мамлакатлари журналистлари билан учрашувда Путин 2022 йил баҳорида таклиф қилинган шартлар асосида можарога барҳам бериш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилган эди. Кейинроқ Қозондаги БРИКС саммитидан сўнг у яна музокаралар учун очиқликни, жумладан, “оқилона муросага келиш” имкониятини қайд этган.
Аввалроқ Financial Times Киевдаги расмийлар НАТОга аъзо бўлиш эвазига Украина ҳудудларининг бир қисмини Россияга бериш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берган эди.
“Киевнинг баъзи амалдорлари Россия назорати остидаги барча ҳудудларни қайтариб олиш учун шахсий таркиб, ўт очиш кучи ва Ғарб кўмагининг етишмаслигидан хавотирга тушмоқда”, дейилган мақолада.
Таъкидланишича, Россия “Украина ҳудудининг тахминан бешдан бир қисми устидан амалдаги назоратни сақлаб қолиши” ҳақидаги келишув муҳокама қилинмоқда. Ҳудудлар эвазига Киев хавфсизлик кафолатларини олишни кутмоқда. Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши масаласи ҳам кўтарилиши мумкин.
Изоҳ (0)