• Профилга Кириш
  • 1744009905_435.svg 1744009905_642.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12676.11
    • RUB161.56
    • EUR14975.56
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Тошкентда
      +36°C
      • Андижон
      • Қарши
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Фарғона
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Термиз
      • Наманган
      • Тошкент
      • Навоий
      • Тошкент вил
      • Нукус
      • Урганч
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Ўзбекистон
      • Бошқалар
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Қорақалпоғистон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Об-ҳаво
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Дунё

    08.08.2008. Грузия – Россия урушига 11 йил бўлди

    Бугун – 2008 йил 8 август санасида бошланган Грузия – Россия уруши воқеаларига роппа-роса 11 йил бўлди. Ўшанда нималар бўлган? Нега бу уруш содир бўлди? «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош шу ҳақда ҳикоя қилади.

    Беш кун давом этиб, Грузиянинг мағлубияти билан тугаган Грузия – Россия урушининг келиб чиқиш сабаблари 1990–1991 йилларда СССРда турли миллатларнинг миллий озодлик ҳаракатларига бориб тақалади.

    Фото: «РИА Новости»

    Фото: «РИА Новости»

    СССР пайтида Грузияда учта мухтор ҳудуд бор эди. Булар – Абхазия, Жанубий Осетия ва Ажария. Шулардан Ажария ва Абхазия мухтор республика, Жанубий Осетия эса мухтор вилоят мақомида эди. 1990–1991 йилларда Жанубий Осетия ва Абхазияда мустақиллик учун ҳаракатлар бошланди ва улар Грузиядан бир томонлама ажралиб чиқиб, ўзларини мустақил деб эълон қилди. Расмий Тбилиси уларнинг бу хатти-ҳаракатларига жим қараб турмади ва дарҳол ўзбошимча ҳудудларга қўшин ташлади. Ўртада уруш бошланди. Воқеага Россия аралашди ва халқаро ташкилотлардан бирининг рухсатини олиб, иккинчисининг рад жавобига қарамай, тинчликпарвар кучлар мақоми остида Абхазия ва Жанубий Осетиянинг Грузия билан чегарасига ўз ҳарбийларини жойлаштирди. Шундан сўнг узоқ йиллар давомида ҳар-ҳар замонда чегарада бўлиб турадиган кичик тўқнашувларни айтмаганда Абхазия ва Жанубий Осетия Россия ҳимоясида Грузиядан айри ҳолда яшади.

    2004 йили Грузиядаги «рангли инқилоб» натижасида мамлакат раҳбари бўлиб келган Саакашвили 2008 йилда «итоатсиз» ҳудудларни Грузияга қайта қўшиб олиш учун дастлаб Жанубий Осетияга қўшин киритди. Рус ОАВ «Грузия бомбардимончи самолётлари Жанубий Осетиянинг пойтахти Цхинвалига ҳавода ракета зарбалари ҳам берган эди» деб ёзди, ёзяпти ҳам. Аммо бу ўз тасдиғини топмади. Грузиянинг қуруқликдаги қўшинлари оғир ҳарбий техника билан Цхинвалига бостириб кирди. Шундан сўнг ишга Россия аралашди ва Грузияга қарши уруш эълон қилди. Россия раҳбарияти, рус сиёсатчилари Кремль Тбилисига уруш эълон қилиб, бостириб кирганини «Россиянинг Грузияга уруш эълон қилиши Россия фуқаролари ва ватандошларини ҳимоя қилиш бўлган эди» деб оқлайди. Ўртага «фуқаролари ва ватандошларини» қўшишларининг сабаби эса Россия 1992 йилдан Жанубий Осетия ва Абхазия аҳолисига ўз паспортини бериб, уларни фуқаролари сафига қўшиб келаётганидир.

    Шу ўринда эслатма: хабарингиз бор, Россия Украина ҳудудидаги баҳсли Донецк ва Луганск «халқ республикалари» аҳолисига ҳам халқаро қонун-қоидаларга зид равишда Россия паспортини беряпти.

    Қисқаси, ўша машъум уруш бошланган санагача Жанубий Осетия ва Абхазия аҳолисининг аксар қисмига Россия ўз паспортларини берган эди. Шу туфайли ҳам Грузия итоатсиз ҳудудларни марказга бўйсундириш учун қуролли ҳаракат бошланганда бу можарога дарров Россия қўшилди ва Грузияга бостириб кириб, кучлар тенг бўлмагани учун беш кунда уни енгиб қўя қолди.

    Фото: «РИА Новости»

    Фото: «РИА Новости»

    Албатта, шу ўринда можарони қурол ёрдамида ҳал қилишга уринган Грузиянинг ҳам Жанубий Осетияга бостириб кирганини оқлаб бўлмайди. Лекин Россиянинг ҳам «ўз фуқаролари ва ватандошларини ҳимоя қилиш учун» қўшни мамлакатнинг ички ишларига аралашиши нотўғри иш бўлган эди.

    Шу ўринда бир воқеани эслаб кетишни лозим топдим. Россияни Ельцин бошқарган пайтда Чеченистон ғалаён кўтарди ва Москвадан бир томонлама мустақиллигини эълрн қилди. 1999 йилда мамлакат бош вазири бўлган Путин Чеченистонга қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Халқаро ҳамжамият Путинга можарони тинч йўл билан ҳал қилишни тавсия қилганда, у «Россиянинг ички ишларига аралашмасликни» маслаҳат берган эди. Не ажабки, орадан тўққиз йил ўтиб, унинг ўзи бошқаларнинг ички ишларига аралашди. Аралашганда ҳам, ҳарбийлари билан бошқа бир мамлакат ҳудудига бостириб кириб, оғир асоратлар қолдирди.

    Қуйида уруш тафсилотларини қисқача келтираман.

    2008 йилнинг июль ойи бошларида Грузия ва Жанубий Осетия томонлари бир-бирини чегарани бузиб ўтиш ва отишма келтириб чиқаришда айблай бошлади.

    Жанубий Осетия Грузияни пойтахт Цхинвалини оғир артиллерия билан нишонга олганликда ҳам айблади.

    11 июлда Грузиянинг Москвадаги элчиси Тбилисига чақириб олинди. Бунга сабаб Россия ҳарбий самолётлари Жанубий Осетия бўйлаб парвозларни амалга ошираётгани бўлди. Буни расмий Москва ҳам тан олди.

    Шу билан бирга, Жанубий Осетия пойтахтидаги қариялар, болалар ва аёллар автобусга ўтқизилиб, Россияга олиб чиқила бошланди.

    Икки тараф ҳам зимдан муқаррар урушга тайёргарлик кўрар эди.

    Июль ойининг иккинчи ярмида Грузияда «Тезкор жавоб» номли Грузия ва АҚШ ҳарбийлари ўртасида қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказилди. Бунга жавобан Россия Шимолий Кавказда «Кавказ – 2008» ҳарбий ўқув машқини ўтказди. Москва ва Тбилиси бу ўқув машқлари урушга тайёргарлик бўлаётгани ҳақида бир-бирларини айблаб чиқди ва ҳар икки тараф ҳам буни инкор этди.

    7 август куни соат тахминан 16:00 ларда Грузия президенти Михаил Саакашвили «Мабодо Жанубий Осетия тарафдан Грузия томонга отишма содир этилса, унга жавоб қайтармаслик ҳақида буйруқ бергани»ни айтди. Унинг бу баёнотидан сўнг Жанубий Осетия томони ҳам Грузия тарафга ўт очиш тўхтатилганини эълон қилди.

    Эртаси куни, 8 августда, Москва вақти билан 13:00 да Жанубий Осетия ва Грузия Россия воситачилигида икки томонлама ўт очишни тўхтатиш ҳақида шартнома имзолаши режалаштирилган эди. Бироқ ҳар икки томон тинчлик битими имзолашни эмас, уруш бошлашни ўйлаётган экан.

    Фото: «РИА Новости»

    Фото: «РИА Новости»

    Айнан ўша куни тан олинмаган Жанубий Осетия республикаси хавфсизлик кенгаши раиси Анатолий Баранкевич «РИА Новости» ахборот агентлигига қўнғироқ қилиб, Грузиядан Цхинвали томон танк ва оғир артиллериядан иборат катта қўшин ҳаракатланиб келаётганини хабарини берди.

    Жанубий Осетия пойтахтини Грузия оғир артиллерияси қаттиқ ўққа тутгани ҳақидаги илк хабар ўша куни тушдан кейин чиқди.

    Грузия армияси «Град»лар ёрдамида Цхинвалини ўққа тутди. Цхинвали томон Грузия армиясининг зирҳли техникаси, танклари ҳаракатлана бошлади.

    Россия тинчликпарвар кучларининг Жанубий Осетиядаги қўмондони Марат Кулахмедовнинг маълум қилишича, Грузия ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли Су-25 бомбардимончи самолётлари Цхинвалига ҳаводан ракета ҳужумлари уюштирган. Бу хабар ҳалигача тасдиқланмади.

    Грузия «итоатсиз ҳудудларидан бири» Жанубий Осетияни қайта бўйсундириш мақсадида бу республика ҳудудидаги айирмачиларга қарши урушни эрталаб бошлаган бўлса ҳам, бу ҳақда 8 августдан 9 августга ўтар кечаси эълон қилди.

    Бироздан сўнг Грузиянинг ўша пайтдаги ривожланиш вазири Темур Якобашвили «Бу урушдан мақсад Жанубий Осетияни забт этиш, унинг шаҳар ва қишлоқларини босиб олиш эмас, охирги пайтларда чегараолди ҳудудларда яшаётган Грузия фуқароларининг ҳаётига доимий равишда хавф солиб келаётган айирмачи, бузғунчи тўдаларнинг додини бериш» экани ҳақида баёнот берди.

    9 август куни эрталаб Грузия бош вазири Ладо Гурганидзе уруш бошланишига Жанубий Осетияни айблаб, «Улар охирги пайтларда жуда ҳаддидан ошиб кетган эди, бугун ниҳоят уларнинг ақли киритиб қўйилади» деди.

    Фото: «РИА Новости»

    Фото: «РИА Новости»

    9 август куни эрталаб уруш ҳақида дунё хабар топиб бўлганидан сўнг Россиянинг талаби билан БМТ Хавфсизлик кенгаши маслаҳат учун йиғилди. Кенгаш ёпиқ эшиклар ортида икки соат давом этган музокараларда бир тўхтамга кела олмади. Кенгаш вакиллари ҳар икки тарафга дарҳол ўт очишни тўхтатиш талабини қўйди. Лекин улар бунга рози бўлмади.

    БМТ бош котиби Пан Ги Мун Жанубий Осетиядаги вазиятдан ташвишда эканини билдириб, ҳар икки томон ўқ отишни тезроқ ва мутлақо тўхтатишига умид билдирди. Шунингдек, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар масалалари бўйича вакили Хавьер Солана, НАТО бош котиби Яап де Хооп Схеффер ва АҚШ давлат департаменти вакили ҳар икки тарафни зудлик билан ўт очишни тўхтатиб музокаралар столига тезроқ ўтиришга чақирди. Лекин бу чақириқ ва талаблар эътиборсиз қолдирилди. Шундан сўнг Жанубий Осетия Россияга ёрдам сўраб мурожат қилди. «Биз Россиядан тезкорлик билан ёрдам беришини сўраймиз. Акс ҳолда бу республикада тирик жон қолмайди» деб баёнот берди Жанубий Осетия Хавфсизлик кенгаши раиси Анатолий Баранкевич.

    Кейинчалик маълум бўлишича, Шимолий Кавказдаги Россия ҳарбийлари, жумладан, 58-армия қисмлари Жанубий Осетия раҳбарияти Россиядан ёрдам сўрашидан аввал Москванинг кўрсатмаси билан Цхинвали томон ҳаракатланишни бошлаган экан.

    Уруш бошлангунча Пекин Олимпиадасининг очилиш маросимига фахрий меҳмон сифатида ташриф буюрган Россия бош вазири Владимир Путин Хитойдан туриб «Грузия раҳбарияти Жанубий Осетияга нисбатан жуда агрессив йўл тутди. Бунинг ортидан жанговар ҳаракатлар бошланди. Биз Грузиянинг бу агрессиясини жавобсиз қолдирмаймиз» деди. Бироқ Грузияга қандай жавоб берилишини очиқламади.

    Фото: «РИА Новости»

    Фото: «РИА Новости»

    9 август куни, Москва вақти билан соат 13:24 да Россия мудофаа вазири Грузияга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланаётгани ҳақида баёнот берди. Орадан икки соат ўтиб, Россия президенти Дмитрий Медведев тўғридан тўғри телеефирда «Россия ҳар доим Кавказ халқлари учун тинчликни таъминлаш кафолати бўлиб келгани ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолиши» ҳақида гапирди.

    Медведев «Россия конституцияси ва федерал қонунларига мувофиқ Россия президенти фуқароларни ва ватандошларни улар қаерда, қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар муносиб ҳимоя қила олиши» ҳақида тўлқинланиб гапирди. У ўз сўзларида Россия қўшинлари Жанубий Осетия ва Грузияга киритилаётгани ҳақида лом-лим демади. Унинг нутқи Россиядаги барча телеканаллар орқали узатилди.

    Аслида Россия ҳарбийлари жанговар ҳаракатларни Грузия армияси Жанубий Осетияга бостириб кирган пайтдан бошлаган эди. Россиянинг Жанубий Осетия билан чегарасида жойлашган 58-армияси 8 август куниёқ жанговар ҳолатга келтирилиб, Грузия армиясига қарши жанг қилиш учун жануб томон ҳаракатланган эди. Ўшанда 58-армия таркибида 1 500 ҳарбий, 14 та Т-72 танки, 16 та «Акация» русумли ҳарбий техника, тўққизта «Град» артиллерия қурилмаси ва кўплаб БМП бор эди.

    8 август куни Жанубий Осетия пойтахти Цхинвали шаҳрида Грузия ҳарбийлари ва «тинчликпарвар кучлар» ролини ўйнаётган Россия ҳарбий кучлари ўртасида жанг бошланиб кетди. Грузия армияси бу пайтда шаҳарни ўраб олган ва уни эгаллаш учун охирги жанглар кетаётган эди. Бу пайтда эса 58-армия Россиянинг бошқа қўшинлари билан бирга Цхинвали томон ҳаракатланар эди.

    9 август куни соат 11:30 да Грузия президенти Михаил Саакашвили мамлакат бўйлаб жанговар шайлик эълон қилди. Тушдан кейин Россия ҳарбий-ҳаво кучлари 4-армиясига қарашли Су-24, Су-25 бомбардимончи самолётлари Цхинвалидаги Грузия ҳарбийлари эгаллаган истеҳкомлар ҳамда Грузиянинг ҳарбий базалари томон ҳаводан ракета зарбалари бера бошлади. Шу билан бирга, Грузия ҳудудига ҳаводан десант ташлана бошланди.  Россия самолётлари Гори, Вазиани, Марнеулидаги ҳарбий аэродромларга ҳам ракета зарбалари берди.

    9 август куни тушдан кейин Грузия президенти CNN телеканалига берган интервьюсида «Россия ҳудудимизга аллақачон бостириб кириб бўлган ва биз Россия билан ўз ҳудудимизда жанг олиб боряпмиз» деди. Кечга борибгина Россия мудофаа вазирлиги Жанубий Осетияга қўшимча кучлар жўнатилгани ҳақида расмий хабар берди.

    58-армия бўлинмалари билан жанглар натижасида Грузия ҳарбийлари Цхинвалида енгилиб, шаҳарни ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

    Фото: «РИА Новости»

    Фото: «РИА Новости»

    9 август куни соат 11:00 да Москва расмий равишда Грузияга 76-Псков десант дивизиясини ташлаганини маълум қилди.  Грузияга Москва ва Иваново шаҳарлари яқинидаги ҳарбий базадан ҳам ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли қирувчи самолётлар ва десантчилар жўнатилди.

    9 август куни кечки пайт Россия томони Цхинвалидан Грузия армияси тўлиқ сиқиб чиқарилгани, 15 ҳарбий ҳалок бўлгани, 150 нафари жароҳатлангани ҳамда Су-25 ва Ту-22М3 самолётлари Грузия армияси томонидан уриб туширилгани ҳақида расмий маълумот берди.

    9 август куни соат 15:00 да Грузия парламенти мамлакатда 15 кунлик ҳарбий ҳолат эълон қилди. Урушда мағлуб бўлаётган Грузия президенти Россия президентини ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетишга чақирди.

    9 август куни Россия бош вазири Владимир Путин Владикавказга учиб келди. Унинг ташрифини Россия телеканаллари кенг ёритди. У Шимолий Осетиядаги бунёдкорлик ишлари билан танишгани, ҳудудни ривожлантириш мақсадида Марказдан қўшимча маблағ берилишини айтгани телеканаллар орқали такрор-такрор кўрсатилди. Бироқ у Грузия – Россия ҳарбий можароси ҳақида умуман гапирмади.

    10 август куни ҳам ҳарбий тўқнашувлар давом этди. 11 август куни Россия ҳарбийлари Тбилиси томон ҳаракатлана бошлади.

    12 август куни Москвага Франция президенти Николя Саркози ташриф буюриб, россиялик ҳамкасби Медведев ва бош вазир Путин билан Грузиядаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш масаласида музокаралар ўтказди. Саркози айни пайтда Европа Кенгаши раиси эди.

    12 август куни Грузия армияси Россия армиясига қаршилик кўрсата олмай қолди. Шу туфайли ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди. Аммо Россия армияси 16 августга қадар Грузияда ўзи эгаллаган позицияларда қолди.

    Россия армиясидан урушда 64 ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, 283 ҳарбий ярадор бўлган, уч ҳарбий бедарак йўқолган, олтита ҳарбий самолёт йўқотилган. Кейинчалик урушда қатнашиб, истеъфога чиққан рус ҳарбийлари самолётларнинг учтаси Грузия ҳарбийлари томонидан, яна учтаси англашилмовчилик туфайли Россия ҳарбийлари томонидан уриб туширилганини айтган. Лекин Россия самолётларини ўз ҳарбийлари уриб туширганини ҳанузгача тан олмайди.

    Грузия томонининг маълум қилишича, можарода 179 ҳарбий ҳалок бўлган, 1 964 ҳарбий ва полициячи ярадор бўлган. Мамлакатнинг бир қисми вайрон бўлган.

    Грузия – Россия уруши тугаганидан сўнг Тбилиси амалда икки итоатсиз ҳудуди – Жанубий Осетия ва Абхазиядан батамом ажради. Россия 2008 йил 26 август куни ушбу республикаларнинг мустақиллигини тан олди ва ҳар иккаласининг ҳудудида Россия ҳарбий базаларини жойлаштириб, бугунги кунгача уларнинг Грузия билан чегарасини қўриқлаб келмоқда.

    Россия Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олганидан икки кун ўтиб, 28 августда Грузия парламенти Россия билан барча алоқаларни, ҳатто дипломатик боғларни узиш ҳақида қарор қабул қилди ва бу ҳақда Россиянинг Тбилисидаги элчисига хат киритилди. 3 сентябрь куни Москва Тбилисидаги элчихонасини ёпди ва элчиларини ортга қайтарди. Грузия билан иқтисодий алоқаларни узди, мамлакат маҳсулотларини киритмай қўйди. Бутун Россия бўйлаб Грузия фуқароларини ушлаш ва депортация қилиш бошланиб кетди. Айрим россиялик сиёсатчилар «Грузия маҳсулотларини Россияга киришини тақиқладик, Россияда юрган грузияликларни қувдик, энди эртага очидан ўлмаслик учун гуржилар президенти олдимизга ялиниб келади» деб ҳам гапирди. Лекин бундай бўлмади. Мағрур Грузия оч қолса қолди, қийналса қийналди, Россияга ялиниб бормади. Қайтага кураш бу халқни иродасини тоблади. Бу мамлакат раҳбарлари Саакашвили бошлаб берган ислоҳотларни давом эттириб, мамлакатда коррупцияни максимал даражада камайтириб, иқтисодиётни ва сайёҳликни ривожлантириб, нафақат урушдан олдинги мавқеини тиклади, балки янада ривожлантирди. Грузиянинг сайёҳлик соҳасида эришган муваффақиятлари таҳсинга сазовор. Мамлакатга аҳолиси 3 миллион атрофида бўлган ҳолда 2018 йилда 8 миллион атрофида сайёҳ келган.

    Ўша воқеалардан кейин тўрт йил ўтиб Саакашвили мамлакат президентлигини бўшатиб берди. Унинг ўрнига янги президент Георгий Маргвелашвили келди. 2018 йил 28 октябрда Саломе Зурабишвили президент этиб сайланди. Лекин ҳеч бир раҳбар Россия билан алоқаларни тиклашни хоҳламади.

    Шу тариқа, ҳанузгача Россия ва Грузия ўртасида дипломатик алоқалар йўқ. Шу ўринда «Дипломатик алоқалар бўлмаса, ҳар икки мамлакат манфаатлари тўқнашганда улар қандай музокара олиб боради?» деган савол туғилиши мумкин. Манфаатлари тўқнашганда ва бошқа масалаларда улар Швейцария воситачилигида алоқа қилади. 2009 йил 5 март куни Швейцариянинг Москвадаги элчихонасида «Грузия манфаатлари бўлими» очилди. Ўз навбатида, Швейцариянинг Тбилисидаги элчихонасида ҳам «Россия манфаатлари бўлими» очилган.

    Энг муҳими, Грузия бутун дунёга муҳим бир нарсани – катта давлатнинг қўшниси бўлиб, нимадир сабаб билан ўша қўшнининг қаҳрига учраб, у билан ҳар қандай алоқаларни тўхтатиб ҳам бинойидай яшаб кетиш, ҳатто ривожланиш мумкинлигини исботлади.

    Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

    08.08.2019, 16:36   Изоҳ (0)   78014
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    ×Lightbox Image

    Daryo.uz | Сизнинг муаммоингиз ечими


    “Kia Го!”: Kia Sonet эгаларининг учрашуви – йил давомида бирга


    “АлоқаБанк” ёшлар билан ишлашга оид дастурларни кенгайтирмоқда


    Fitch Ratings “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ кредит рейтингини оширди 


    Қашқадарёнинг Чимёни – Мираки ҳақида сиз билмаган фактлар


    “Kia Го!”: Kia Sonet эгаларининг учрашуви – йил давомида бирга


    Фақат текширилган фойдаланувчилар: нима учун тўлов иловалари  шахсни тасдиқлашни сўрайди


     Навоий инновациялар университети: замонавий билим сари ишончли қадам 


    Ёз осмоннинг ўзидаёқ бошланади: Silk Avia Тошкентдан Иссиқкўлга кунлик авиақатновларни йўлга қўймоқда


    Kapitalbank инвестициялари – Ўзбекистон ёшлари келажагига сармоя


    Fitch Kapitalbankнинг рейтингини "Ижобий" прогноз билан тасдиқлади


    NRG Uzbekistan замонавий ва кенг мажмуа — Мафтун Макон турар жой мавзесини қуриш бўйича улкан лойиҳани амалга оширмоқда


    Тошкентда Стинг бренди ҳомийлигида "Формула-1" фильмининг премераси бўлиб ўтди


    Қашқадарё ва Бухорода амалга оширилган қуёш энергияси лойиҳаларига 1 йил тўлиши муносабати билан расмий тадбир бўлиб ўтди


    Қаерга инвестиция киритиш мумкин? Қандай актив турлари мавжуд? 


    BI Group ва Асакабанк Ўзбекистонда тижорат кўчмас мулки учун бизнес ипотекасини ишга туширди

     

    Тавсия этамиз

    НАТО тарихи – дунёдаги энг қудратли ҳарбий ташкилотнинг обрўси пасаймоқдами?

    26 июн, 20:31
    Audio Icon

    Жой ҳаммага етарди: Жеймс Кемеронга кўра, “Титаник” йўловчиларининг омон қолиш имконияти бўлган

    25 июн, 23:50

    “Трампнинг Титаниги тўхтайди” — Эрон элчиси

    25 июн, 13:39

    АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базалари сони нечта ва қаерда жойлашган?

    24 июн, 19:05
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    “Манчестер Сити”ни мағлуб этган “Ал-Ҳилол” футболчилари қанча мукофот олгани маълум бўлди

    Спорт | 2 июл, 11:00

    Данияда аёлларга ҳарбий хизматни ўташ мажбурий бўлди 

    Дунё | 2 июл, 10:57

    Ҳайп қандай ишлайди: машҳур киноларни холисона баҳолашга ёрдам берадиган тавсиялар

    Кино | 2 июл, 10:49

    Яккабоғ ва Пахтаобод туманларига янги ҳокимлар тайинланди

    Ўзбекистон | 2 июл, 10:30

    Ҳиндистонда заводдаги портлашда 39 киши ҳалок бўлди

    Дунё | 2 июл, 10:25

    Хитойда илк бор роботлар иштирокида футбол турнири ўтказилди (видео)

    Технологиялар | 2 июл, 10:14
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.