Агар Молдова 1940 йиллардаги очарчиликда Совет Иттифоқини айбласа, мамлакатда Украина тақдири такрорлаши мумкин, дея Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев фикр билдирди.
Медведев Молдова парламенти спикери Игор Гросунинг Молдовада урушдан кейинги 1946—1947 йиллардаги очарчиликни геноцид деб тан олишга чақирган сўзларига шу тарзда изоҳ берган.
“Украинада 2006 йилда “Голодомор эртаклари”нинг тегишли қонун шаклида расмийлаштирилишидан 2014 йилда биринчи фашистлар батальонини, кейин эса Азов полки ва бригадасини яратишгача бўлган йўл 10 йилдан камроқ вақтни олди”, дейди Медведев.
Унинг сўзларига кўра, буларнинг барчаси “мамлакатни фашистлаштиришдан жамиятда нафрат муҳитини яратишгача бўлган бир занжирнинг бўғинларидир”.
“Ва буларнинг барчаси тарих билан ўйнашишдан келиб чиққан. Янги уруш бошланмаслиги учун тарих билан ўйламасдан ўйнашмаслик керак! Ёки Молдова ҳам ҳақиқатан Украина тақдирини баҳам кўрмоқчими?” дея хулоса қилган Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари.
Ўтган йил охирида Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Ғарб Молдовани Украина Россияга қарши бошланган гибрид урушдан кейин “навбатдаги қурбон” бўлишга тайёрлаётганини айтган. Хусусан, у ЕИ ва НАТОни Днестрян можаросини ҳал қилиш бўйича музокаралар форматини “ўлдиришда” айблаган.
Шу билан бирга, Лавров Молдова “жабрланганлар” рўйхатида охирги бўлмаслиги мумкинлигига ишора қилган.
“Ғарб эмиссарлари, жамғармалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозир фаол бўлган ҳар бир давлат бу ҳақда ўйлаб кўриши керак”, дея Лавров Украинада “Россияга қарши уруш майдони” яратиш учун 2014 йилда давлат тўнтариши ва Донбассда саккиз йиллик жанглар зарур бўлганини эслатиб ўтган.
Молдова расмийлари аввалроқ Москвани мамлакатда давлат тўнтариши уюштиришни режалаштирганликда айблаган эди. Республика президенти Майя Санду Россия Украинага “Молдова Республикасига ҳарбий қуруқлик йўлаги яратиш ниятида бостириб кирганини, бу конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартириш ва давлатчиликни йўқ қилиш учун зарур шарт-шароитларни яратиши”ни таъкидлаган.
Молдованинг янги миллий хавфсизлик стратегиясида Россия “таҳдид” деб аталган.
Изоҳ (0)