АҚШ президенти Жо Байден Украинага қарийб 2,5 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда Оқ уй хабар берди.
Янги пакет Украина армияси учун қўшимча 1,25 миллиард доллар ва Пентагоннинг Украина ҳарбийларини тайёрлаш бўйича UСAI (Ukraine Security Assistance Initiative ) дастури учун 1,22 миллиард долларни ўз ичига олади.
“Мен ўз маъмуриятимга Украинага имкон қадар тез ёрдам кўрсатишни давом эттиришни топширдим. Мудофаа вазирлиги қиш арафасида Украинанинг позициясини кучайтирадиган юз минглаб артиллерия снарядлари, минглаб ракеталар ва юзлаб зирҳли машиналарни етказиб бериш жараёнида. АҚШ менинг ваколат муддатим тугагунча Украинанинг урушдаги позициясини мустаҳкамлаш устида тинмай ишлайдиган бўлади”, деди Байден.
У бир неча кун аввал Пентагонга Украинага қурол-яроғ етказиб беришни тез суръатларда оширишни топширганди. Тегишли баёнот Россия Украина энергетика тизимига оммавий зарбалар бергани ҳақидаги хабарлардан кейин эълон қилинди.
“Россия Рождествонинг дастлабки соатларида Украина шаҳарлари ва ўта муҳим энергетика инфратузилмасига ракета ва дронлар билан зарбалар берди. Ушбу ҳужумдан мақсад Украина халқини қишда иссиқлик ва электр энергиясидан маҳрум қилиш ва энергетика тизими хавфсизлигига таҳдид солишдан иборат”, дейилганди Байден баёнотида.
АҚШнинг Киевга ёрдами икки асосий йўл билан амалга оширилади: Пентагон омборларидан ҳарбий мол-мулкни жўнатувчи ПДА ташаббуси ва янги ускуналарни сотиб олишни назарда тутувчи УСAI. Ҳозирги маъмурият Байденнинг муддати тугагунга қадар — 2025 йил 20 январгача — Украинага келишилган барча маблағларни ажратиш ниятида эканини бир неча бор эълон қилган. Мазкур сумма тахминан 9 миллиард долларга етади.
Изоҳ (0)