Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов “Башакшеҳир” жамоаси билан шартнома имзолади. Истанбул жамоаси ўзбекистонлик футболчини мавсум охирига қадар ижарага олган ва келишувда уни мажбурий сотиб олиш банди ҳам мавжуд. Ушбу трансфер расман эълон қилингач, ҳужумчи “Рома” мухлисларига хайрлашув мактуби йўллади.

Футболчи ўзининг Instagram саҳифасида жамоага миннатдорлик билдирди:
Мен учун унутилмас хотираларни тақдим этган клуб билан хайрлашиш вақти келди. “Рома” либосини кийиш мен учун шараф. Ушбу жамоа сафида киритган голларим, жамоадошларим, мураббийлар ҳамда мухлислар билан ўтказган лаҳзаларни бир умр эслаб қоламан, — дея ёзди Шомуродов.
У клубда ўтган ҳар бир дақиқани қадрлашини, гол нишонлаган лаҳзалар ва мураббийлардан олган сабоқлар учун миннатдор эканини таъкидлади:
“Рома” ҳар доим юрагимда қолади — менга ишонгани ва ҳар бир вазиятда қўллаб-қувватлагани учун клубга миннатдорчилик билдираман. Менинг ҳаётимда янги саҳифа очилмоқда, бироқ бу хотиралар мени ҳеч қачон тарк этмайди, — дея қўшимча қилди футболчи.
Маълумот учун, Шомуродов 2021 йилнинг ёзида “Женоа”дан “Рома”га ўтган эди. У римликлар сафида жами 85 та ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол ва 11 ассист муаллифига айланган. Transfermarkt портали ҳужумчининг қийматини 5 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)