Ижтимоий тармоқларда “Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатда турганлар мактабга қабул қилинмаяпти” сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолат юзасидан тушунтириш берди.

Унда айтилишича, айни вақтда 1-синфга қабул бўйича электрон платформалар Ички ишлар вазирлигининг “Яшаш манзил реестри” ва Адлия вазирлигининг тегишли электрон тизимларига интеграция қилинган ҳамда шу асосда мактабга бириктирилган микроҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фарзандлари мактабга қабул қилинмоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад, ўқувчиларни мактабга хавфсиз қатнаши учун уларни яшаш манзилидаги мактабга биринчи навбатда қабул қилиш, бошқа ҳудуддаги мактабларга қатнашда болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликларни олдини олишдан иборат.
Келтирилишича, 1 августдан бошлаб микроҳудуддан ташқари қабул доирасида, шу жумладан вақтинчалик рўйхатга қўйилган фуқароларнинг фарзандлари ҳам мактабга қабул қилинади.
“Ҳурматли ота-оналар!
Вақтинчалик рўйхатда турган фуқароларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишда чекловлар мавжуд эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, мактаб ёшига етган ҳар бир боланинг билим олиш ҳуқуқи кафолатланади ва ҳеч бир бола таълимга жалб этилмасдан — мактабга жойлашмасдан қолмайди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу қонуний талаблардан келиб чиққан ҳолда, болаларнинг билим олиш ва мактабга жалб этишда бирдек масъул ва манфаатдордир.
Ота-оналардан фарзандларини жорий йил 31 июлга қадар доимий яшаш манзили бўйича мактабга жойлаштиришларини сўраган ҳолда, 1 августдан эътиборан микроҳудуддан ташқари мактабларга бериш имконияти борлигини эслатиб ўтамиз.
Маълумот учун: жорий ўқув йилида 738 минг нафар бола биринчи синфга қабул қилиниши режалаштирилган. Бугунги кунга қадар умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига 512 минг нафардан ортиқ бола қабул қилинди”, дейилади муносабатда.
Ўзбекистонда 20252/26-ўқув йили учун 1-синфга қабул 20 июндан бошланган.
Регламентга мувофиқ, 1-синфга қабул жараёнлари 2 босқичда амалга оширилади:
- 1-Босқич: 20 июндан 31 июлгача микроҳудуд доирасида,
- 2-Босқич: 1 августдан 15 августгача микроҳудуддан ташқарида.
1-синфга қабул жараёнлари қуйидаги туман (шаҳарларда) электрон шаклда давлат хизматлари орқали амалга оширилади. Бунда ота-оналар 20 июндан бошлаб my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, ариза топширишлари мумкин.
Давлат хизматлари кўрсатилмайдиган ҳудудларда 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар вазирлик электрон тизими (adm.maktab.uz) га киритилади. “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, болалар 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилинади. Бу йил 1-синфга 2018 йилнинг 31 декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли буйруғи билан Ўзбекистонда таълим сифати паст бўлган мактаблар рўйхати тасдиқланди.
2025/26-ўқув йили учун таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатига 470 та мактаб киритилди. Бундай мактабларнинг энг кўпи — 99 таси Қашқадарё вилоятида жойлашган.
Қолган ҳудудларда таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар сони қуйидагича:
- Самарқанд вилоятида — 86 та;
- Сурхондарё вилоятида — 70 та;
- Жиззах вилоятида — 36 та;
- Наманган вилоятида — 34 та;
- Сирдарё вилоятида — 32 та;
- Фарғона вилоятида — 29 та;
- Қорақалпоғистонда — 24 та;
- Андижон вилоятида — 23 та;
- Навоий вилоятида — 16 та;
- Хоразм вилоятида — 9 та;
- Бухоро вилоятида — 5 та.
“Халқ таълими инфо” портали маълумотларида келтирилишича, 2023 йилда шундай мактаблар рўйхатда 642 та, 2024 йилда 545 та эди. Бу йил таълим сифати паст бўлган мактаблар сони 75 тага қисқарган.
Таълим сифати паст бўлган мактабларга бошқа ҳудудлардан жалб этилган ўқитувчиларга устама тўланади.
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар — Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда шакллантириладиган рўйхатга киритилган умумтаълим мактабларидир. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатини шакллантириш мезонлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва инспекция томонидан ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади. Бунда мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш натижалари, мактабнинг рейтинги, “Замонавий мактаблар”га қўйилган талаблар асосида баҳолаш натижалари инобатга олинади.
Изоҳ (0)