Президент Шавкат Мирзиёев тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари бугунги дунё катта синовларни бошидан кечираётганини таъкидлади.
“Глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланишга жиддий таҳдидлар тобора кучаймоқда, геосиёсий жараёнлар кўз ўнгимизда шиддат билан ўзгармоқда. Жаҳонда қуролланиш пойгаси яна авж олмоқда. Йирик мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари 2010 йилга нисбатан бир ярим баробар ортиб, 2,5 триллион долларга етди. Иқтисодий инқироз асоратлари, молиявий ресурслар тақчиллиги туфайли жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари эса кетма-кет уч йил давомида пасаймоқда”, дейди Ўзбекистон президенти.
Шавкат Мирзиёев халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатия кучи заифлашаётганини айтиб ўтди.
“Энг ачинарлиси, инсоният учун энг долзарб муаммолар – озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағаллик, иқлим ўзгаришлари каби масалаларга эътибор камаймоқда. Дунёда тинчлик, адолат ва инсон қадрига бўлган умумий ишончни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Биз Украина билан боғлиқ вазиятни фақат дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарур, деб ҳисоблаймиз ва Истанбулда бўлиб ўтаётган тўғридан-тўғри музокараларни олқишлаймиз”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Давлат раҳбари ўз нутқида кўпдан буён чўзилаётган Ғазо фожиасига ҳам эътибор қаратди.
“XXI асрда кўз ўнгимизда кўплаб бегуноҳ инсонларнинг нобуд бўлаётганини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Бу муаммонинг ягона ечими – низони халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва қабул қилинган резолюциялар асосида адолатли ҳал қилишдир. Фаластин халқи ўз мустақил давлатига эга бўлишга ҳақлидир.
Глобал кун тартибидаги яна бир масала – бу қўшни Афғонистоннинг тинч ва барқарор ривожланишига кўмаклашишдан иборат. Бу давлатнинг амалдаги ҳукумати билан халқаро майдонда конструктив мулоқот олиб бориш, унинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Зеро, мазкур мамлакатдаги осойишталик ва иқтисодий ривожланиш ён-атрофдаги барча минтақаларнинг узоқ муддатли тараққиёти учун зарур омилдир”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти ушбу муаммолар бўйича барча шерик давлатларни очиқ ва кенг кўламли халқаро ҳамкорликка чақишини айтди.
“Чунки, форумнинг асосий мавзуси бўлган инвестициялар – фақат иқтисодий тараққиётнинг эмас, балки тинчлик ва барқарорликнинг кафолатидир!
Келинг, биргаликда шундай инвестиция муҳитини яратайликки, у даромад келтириш билан бирга, инсон қадрини улуғлайдиган, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлайдиган ва жамият равнақига хизмат қиладиган мустаҳкам пойдеворга айлансин!”, дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)