Кўксарой қароргоҳида 9 июнь куни Шавкат Мирзиёев ва Словакия бош вазири Роберт Фисо музокаралари ўтказилиб, Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашув аввалида давлат раҳбари ушбу ташриф кўп қиррали Ўзбекистон—Словакия муносабатлари тарихида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беришини алоҳида таъкидлади.
Замонавий таҳдидлар ва олдиндан айтиб бўлмайдиган халқаро вазиятни ҳисобга олиб, ташқи сиёсий идоралар, шу жумладан, Европа институтлари билан шериклик доирасида тизимли ҳамкорлик қилиш, мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Товар айирбошлашни кўпайтириш, энг аввало, ўзаро етказиб берилаётган маҳсулот турларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистондан тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, электротехника, кимё маҳсулотлари, полимерлар, Словакиядан эса каучук, автомобиль қисмлари, фармацевтика ва бошқа саноат товарларини етказиб бериш шулар жумласидан.
Техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология соҳаларида имзоланадиган битимларни амалга ошириш доирасида техник тўсиқларни бартараф этиш ва квант эталони лабораториясини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.
Словакиянинг етакчи компаниялари билан саноат кооперацияси бўйича кенг кўламли дастурни тайёрлаш, жумладан, агросаноат мажмуи, автомобиллар учун бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, “яшил” энергетика ва туризм лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

IT стартапларини акселерация қилиш бўйича қўшма венчур фондини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун мавжуд молиявий воситалардан кенг фойдаланиш таклиф этилди.
Гуманитар соҳада таълим ва академик алмашинувни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди. Қўшма тадқиқот дастурларини, шу жумладан, Братиславадаги Коменский университети иштирокида йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди.

Томонлар ўзаро кўргазмалар, кино намойишлари, концертлар, шунингдек, музей иши соҳасидаги лойиҳаларни ўтказишни назарда тутувчи Маданият соҳасида ҳамкорлик дастурини қабул қилишга келишиб олди.
Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Словакия томони ушбу соҳада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор экани таъкидланди.

-IzmEWs0m.avif)
Халқаро аҳамиятга молик масалалар, жумладан, кўп томонлама майдонларда ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Қабул қилинган қарор ва келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари томонидан кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилиниши ҳақида келишиб олинди.
Словакия бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи
Словакия бош вазири Роберт Фисо Шавкат Мирзиёев таклифига биноан 8 июнь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келганди. 9 июнь куни уни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Етакчиларнинг учрашуви якунида Ўзбекистон билан Словакия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. Ташриф доирасида Словакия бош вазири Роберт Фисо IV Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этади.
Изоҳ (0)