Бутунжаҳон ҳожатхоналар ташкилотининг (World Toilet Organization) асосчиси ва директори Жек Сим Ўзбекистонга ташриф билан келди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси хабар берди.

Ташрифдан кўзланган мақсад — санитария инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш, гигиена меъёрларини оммалаштириш ҳамда сув таъминоти ва санитария соҳасида халқаро тажриба алмашишдан иборат бўлган.
Ташриф доирасида, айниқса, сайёҳлар гавжум жойлар ва таълим муассасаларида жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалаштириш ва сақлаш бўйича замонавий ёндашувларни муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Жек Сим санитария инфратузилмаси нафақат функсионал, балки аҳолининг барча гуруҳлари, жумладан, аёллар, болалар, кексалар ва имконияти чекланган шахслар учун қулай, хавфсиз ва инклюзив бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Делегация аъзолари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси объектлари, сайёҳлик масканлари ва сайёҳлар тўпланадиган жойларга ташриф буюриб, туристик ҳудудларнинг санитария ҳолатини текширувдан ўтказган. Учрашувлар давомида санитария инфратузилмасини такомиллаштириш, жумладан, экологик ва энергия тежамкор ечимларни жорий этиш бўйича тавсиялар берилган.
Ташриф якунида Бутунжаҳон ҳожатхоналар ташкилотининг асосчиси ва директори Жек Сим Ўзбекистоннинг санитария соҳасида барқарор ривожланишга эришиш учун катта имкониятларга эга эканлигига ишонч билдирган ва Жаҳон ҳожатхона ташкилотининг қўшма дастурларни амалга оширишда узоқ муддатли ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Жек Сим 2026 йилда Бутунжаҳон ҳожатхоналар ташкилоти саммитини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этган.
Изоҳ (0)