Ўзбекистонда шахснинг ўз айбини тан олгани унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги белгиланди.

9 июнда президент томонидан имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киртилди.
Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, шахснинг ўз айбини тан олгани унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги белгиланди.
“Судлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, судьяларнинг муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги белгиланди. Шунингдек, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши кўрсатилди.
Ушбу қонун 2025 йил март ойида Сенат томонидан маъқулланганди. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
Шахснинг ўз айбини тан олгани унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги янги таҳрирдаги конституцияда кафолатланганди. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишининг олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.
Изоҳ (0)