Интерпол қидирувида бўлган ўзбекистонлик Таиланд қироллигидан топилиб, депортация қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.
Маълум бўлишича, фуқаро Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўта йирик миқдордаги фирибгарликда айбланган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчи эса чет элга қочиб, терговдан яширинган ва халқаро қидирувга берилган.

Интерпол каналлари орқали Таиланд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан мувофиқлаштирилган ҳамкорлик ҳаракатлари натижасида қидирувдаги шахс Таиланд ҳудудида ушланди ва кейинги тергов тадбирларини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасига депортация қилинди.
Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропорт ҳудудида Миллий марказий бюро ходимлари томонидан Таиланддан депортация қилинган Х.К. қўлга олинди.
Аввалроқ ҳам турли жиноятлари учун халқаро қидирувда бўлган шахслар АҚШ ва Туркияда топилиб, Ўзбекистонга қайтарилгани тўғрисида хабар қилинганди.
Улар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, ўта йирик миқдордаги фирибгарлик ва бошқа қилмишларни содир этганлиги учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз томонидан қидирувда бўлган.
Изоҳ (0)