2024 йил 26 декабрь куни 100 нафар яраланган фаластинлик аёллар ва болалар кузатувчилари билан бирга Рафаҳдан Ўзбекистонга эвакуация қилинган эди. Шундан сўнг фаластинлик фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун барча зарур шароитлар яратилди. Уларнинг мамлакатга тезроқ мослашиши ва жамиятга қўшилишига ёрдам бериш мақсадида бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди. “Дарё” мухбири улар билан суҳбат қуриш мақсадида “Бўстон” санаторийсига борди.
Фаластинда очлик ва қўрқув ичида кун кечирган, ҳар тонгини хавф билан бошлаган аҳолининг 100 нафари Ўзбекистонда хавфсиз бошпана, меҳр ва инсонпарварлик ёрдамига эга бўлди. Суҳбат давомида улар бошидан кечирган воқеаларни ҳам сўзлаб берди.

“Ғазода уруш бошланди ва ҳаётимиз ёмонлашди. Қўшнимизни уйига бомба тушди, оқибатда қизим яраланди. Биз ҳар тонг портлаш овозларидан уйғонардик. Болаларим доим қўрқиб, йиғлаб туришарди. Қочиб қутулишнинг иложи йўқдек туюларди. Қизимни даволаш учун Мисрга чиқдик ва кейин Ўзбекистонга келдик. 3 та фарзандим Ғазода қолган ва ҳар доим гаплашганимизда бизни қачон олиб кетасиз дейди. Улар оч наҳор, қийналишяпти.Уйимиз бузилгани сабабли Ғазода турмуш ўртоғим билан палаткада кун кечиряпти. Бизни Ўзбекистонда яхши кутиб олишди, бунинг учун президентга раҳмат айтамиз. Бу ерда тинч ухлаяпмиз. Фаластинда қолган фарзандларим ҳам келишидан умидворман”, дейди фаластинлик фуқаро.
Ўз ватанига қайтишни хоҳлаган, аммо бу ҳозирда имконсиз эканидан қайғуда бўлган Фаластин фуқароси 30 га яқин қариндоши ҳалок бўлганини айтди.
“Бизни Ўзбекистонда жуда яхши кутиб олишди, бунинг учун раҳмат айтамиз. Биз учун барча шароитлар яратиб берилди. 8 ой ичида бу ерга ҳам анча мослашиб қолдик. Ғазода кунимиз хавф билан бошланарди. Бомба тушиши оқибатида қизимни оёғи шу аҳволга келиб қолди. Давлатимизни яхши кўрамиз, лекин ҳозир ортга қайтиш жуда хавфли.
Тахминан 30 га яқин қариндошим ҳалок бўлди. яқинда акам вафот этганини эшитдим. Болаларимга таълим беришларидан умид қиламан. Бу ернинг маданиятига ўрганиб кетишимизга яна оз вақт керак бўлади, барчаси учун раҳмат айтамиз”, дейди у.
Сўнгги пайтларда Фаластиндаги вазият жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида бўлиб келмоқда. БМТнинг маълумотларига кўра, Ғазо аҳолисининг 1/4 қисми очликка яқин шароитда яшамоқда. 100 мингга яқин аёллар ва болалар тўйиб овқатланмасликнинг оғир шаклидан азият чекмоқда ва шошилинч даволанишга муҳтож.

Беморлар билан ишлаган ходимнинг таъкидлашича, уларнинг кундалик эҳтиёжлари тўлиқ таъминланди ва тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли дори-дармонлар берилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорлари билан биргаликда беморларнинг ҳаммаси кўрикдан ўтказилди, ташхислари тасдиқланди. Шу тариқа даво ишлари бошланди. Келган 100 нафар фуқаро орасида асосан 34 та бемор бор эди. Беморлар билан стоматология, травматология-ортопедия, нейрохирургия ва болаларда педиатрия йўналиши бўйича амалиётлар ва даволаш чоралари олиб борилди.
Фуқароларга сиҳатгоҳимизда тун-у кун навбатчилик ташкил қилинган. 10 дан ортиқ шифокорлар, 20 га яқин ҳамширалар ва кичик тиббий ходимлар уларга тун-у кун хизмат кўрсатмоқдамиз, дейди “Бўстон” санаторийси даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари Зуҳриддин Умарходжаев.
Ўтган саккиз ой вақт оралиғида улар тўлиқ реабилитация ҳолатига ўтди. Яъни Ўзбекистон шароитига мослашиб, айримлари ўзбек тилида ҳам мулоқотга киришяпти. Бундан ташқари, фаластинлик меҳмонларнинг Ўзбекистон жамиятига тезроқ уйғунлашиши, улар учун маданий-маърифий тадбирлар, дўстона учрашувлар ва айниқса, болаларга мўлжалланган махсус дастурлар ташкил қилинди. Бу ташаббуслар уларга нафақат моддий, балки маънавий ёрдам беришга хизмат қилди. Шунингдек, улар ўзбек тўйларида ҳам меҳмон бўлди.

Фаластинлик фуқаролар бошидан оғир синовларни ўтказган бўлса-да, бугун улар Ўзбекистонда хавфсизлик, эътибор ва инсонийлик муҳитида яшамоқда. Уларнинг ҳикоялари чуқур оғриқ билан сингиб кетган, бироқ бугун юзларида умид, нигоҳларида ишонч бор. Бу меҳр ва ғамхўрлик эса уларни ҳаётга қайтармоқда.

Дастлабки кунларда уларнинг аҳволи жуда оғир эди. Кўпчилиги жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган, урушда тан жароҳати олган, оч-наҳор қолган эди. Улар нафақат жисмоний, балки руҳий томондан ҳам чуқур талафот кўрган. Улар баланд овозлар ва кескин товушлардан қўрқишарди. Соғлиги ва ҳаёти хавф остида бўлгани учун уйқу ва овқатланиш режимлари издан чиққан эди. Деярли бир ой давомида кўп вақтини уйқуда ўтказди. Тинч ҳаётга мослашиш уларга осон бўлмади, дейди “Бўстон” санаторийси бош ҳамшираси Шаҳло Шукурова.
Ҳар бирига алоҳида хоналар ажратилиб, етарли шарт-шароит яратилди. Ҳукумат томонидан уларнинг эҳтиёжларига қараб барча зарурий воситалар билан таъминланди.

Баъзилар онлайн тарзда ўз юртларидаги таълим муассасалари билан боғланиб, ўқишни давом эттирган. Қолганлари учун эса Ўзбекистон Республикаси Таълим вазирлиги томонидан мактаб ва боғчалар ташкил этилган. Болалар ёши бўйича гуруҳларга ажратилиб, ўқув жараёни йўлга қўйилган. Шунингдек, уларга ўзбек тили ўргатилган ва ҳар ҳафта экскурсиялар ташкил этиб борилган.
Улар орасида тўлиқ оилалар бўлмаган. Болали аёллар, асосан, турмуш ўртоқлари ёки яқин қариндошларисиз келган. Айримлари Ўзбекистонга етиб келгач, яқинларининг вафоти ҳақида хабар олишган. Ушбу ҳолатлар уларнинг руҳий ҳолатига жиддий таъсир кўрсатган.


Ўзбекистон раҳбарияти фаластинлик фуқароларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш мақсадида қўшимча чоралар белгилади. Август ойида қабул қилинган президент фармонига асосан, уларга ижтимоий, тиббий ва маънавий ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилди.
Унга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги асосий ишчи орган сифатида белгиланиб, маҳаллаларда эса “Маҳалла еттилиги” ва “Инсон” ижтимоий хизмат марказлари орқали амалий ёрдам кўрсатилади.
Фаластинлик фуқаролар учун қуйидаги ижтимоий ёрдамлар назарда тутилган:
Ҳар бир меҳнат ёшидаги кишига ойлик яшаш нафақаси берилади, ижарага олинган уй-жой харажатлари қоплаб берилади. Туғилиш ва дафн маросимлари учун бир марталик тўловлар ажратилади, ҳар бир оилага моддий ёрдам кўрсатилади.
Агар фуқарода ногиронликка олиб келувчи касаллик мавжуд бўлса, унга тезлаштирилган тартибда ногиронлик мақоми берилади. Шунингдек, иш стажи етарли бўлмаган ёши катта шахсларга пенсия тайинланади.
Фаластинлик болалар давлат мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларига навбатсиз ва бепул қабул қилинади. 2028 йилгача боғча тўловларидан озод этилади. Ҳамда яшаш жойи бўйича поликлиникаларга бириктирилиб, давлат бюджети ҳисобидан бепул тиббий хизматлар билан таъминланади.
Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида иш топишда кўмаклашилади, замонавий касбларни ўрганиш учун имкониятлар яратилади. “Оила тадбиркорлиги”, “Кичик бизнес” каби давлат дастурлари орқали кредит ва молиявий ёрдам берилади.
Фаластинликларнинг молиявий таъминоти учун махсус жамғарма ташкил этилади. Ушбу жамғарма халқаро грантлар, хайрия маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади. Унинг маблағлари фақат Республика комиссияси қарори асосида сарфланади.
Изоҳ (0)