Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Исроилга ташрифи давомида ГФРнинг Ғазо секторидаги оч қолган аҳолига ёрдамни кенгайтираётганини ва БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастурига (WFP) қўшимча 5 миллион евро ажратилишини эълон қилди.

“Биз Ғазо секторида Жаҳон озиқ-овқат дастурини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 5 миллион евро ажратамиз. Бу, бошқа нарсалар қатори, Ғазо аҳолисини ўрта муддатли истиқболда нон ва иссиқ овқат билан таъминлаш мақсадида новвойхоналар ва умумий овқатланиш шохобчаларини қўллаб-қувватлайди”, дейди Вадефул.
“Ғазо секторидаги гуманитар фалокатга дарҳол чек қўйиш лозим”, дея таъкидлади у.
Шу билан бирга, Германия ТИВ раҳбари Исроил ҳукуматини Ғазо секторига гуманитар ёрдам кўрсатиш соҳасида БМТ ва унинг ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни иложи борича тезроқ тиклашга чақирган.
Вадефул ёрдамнинг бир қисми ҲАМАС ҳаракатига ўтиб қолиши мумкинлигини инкор этмаган.
“Ғазо секторидаги гуманитар фалокат шу қадар кенг кўламлики, бу ерда қўшимча тўсиқлар яратиш мақсадга мувофиқ эмас. Суиистеъмолликнинг олдини олишнинг энг яхши усули Ғазо секторига имкон қадар кўпроқ озиқ-овқат ва гуманитар ёрдам етказиб беришдир”, дея таъкидлаган вазир.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йил октябрь ойида Ғазодаги уруш бошланганидан бери Германия томонидан Фаластин ҳудудларига кўрсатилган гуманитар ёрдам ҳажми 330 миллион евродан ошган. Ушбу сумманинг 95 фоиздан ортиғи Ғазо сектори аҳолиси учун сарфланмоқда.
Бундан аввал Германия Иордания билан ҳамкорликда Ғазо сектори аҳолисига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида “ҳаво кўприги” ташкил этиши хабар қилинганди.
Изоҳ (0)