Канаданинг Фаластинни тан олиш нияти Вашингтон ва Оттава ўртасидаги савдо битимини тузиш жараёнини мураккаблаштириши мумкин. Бу ҳақда Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

“Вой! Канада ҳозиргина Фаластиннинг давлатчилигини қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Бу биз учун у билан савдо битими тузишни анча қийинлаштиради. Оҳ, Канада!”, дея ёзди Трамп.
31 июлга ўтар кечаси бош вазир Марк Карни Канада сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясида Фаластинни тан олиш ниятини билдирганди. Унинг айтишича, бундай қадам жаҳон ташкилоти томонидан ўн йиллар олдин таклиф этилган икки давлат тузиш орқали Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилиш умидини сақлаб қолишга ёрдам беради.
Канада сўнгги пайтларда Фаластин давлатини тан олиш режаларини эълон қилган учинчи G7 мамлакати бўлди. Бундан олдин шундай қадамни Франция ва Буюк Британия маълум қилган эди.
Таъкидланишича, Трампнинг баёноти икки қўшни давлат ўртасидаги давом этаётган савдо зиддиятларида яна бир кескинлашувга олиб келган.
Бош вазир Карни Трампнинг танқидини рад этиб, Канада Исроилни қўллаб-қувватлашда давом этишини, бироқ барқарор тинчликка эришиш учун мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш зарур деб ҳисоблашини билдирган. Шунингдек, у Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ҲАМАСнинг келажак сайловларда иштирок этишига йўл қўймаслик ва қуролли кучлар тузмаслик ваъдасини берганини айтган.
Исроил Трампнинг баёнотларидан олдин ҳам Канаданинг қарорини кескин қоралаган эди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги буни “ҲАМАС учун мукофот” ва тинчлик ўрнатиш ҳаракатларига таҳдид сифатида баҳолаган. Исроилнинг Канададаги элчиси Тель-Авив халқаро босимга бўйсунмаслигини ва Фаластиннинг ташкил этилишига йўл қўймаслигини маълум қилган.
Изоҳ (0)